Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили мамлакат мухолифатига мурожаат қилиб, ҳужумга даъват этди

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили мамлакат мухолифатига мурожаат қилиб, ҳужумга даъват этди

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили Грузия мухолифатини норозиликларни тўхтатмасликка чақирди. Бу ҳақда у Facebook’да ёзди, деб хабар беради «РБК».

«Биз ҳақли томондамиз, ва биз, албатта, ғолиб чиқамиз. Ҳозир асосийси, бу сафарбарлик, бутун Грузия бўйлаб фронт очиш, ҳужум, ҳужум ва яна бир марта ҳужум », — деди Саакашвили.

У, шунингдек, Тбилисида «Ягона миллий ҳаракат» мухолиф партия раиси Никанор Мелиянинг ҳибсга олинишини қоралади. Саакашвилининг айтишича, уни қўлга олганларнинг ўзлари «жуда узоқ вақт қамоқда ўтиради».

Грузия полицияси 23 февраль куни «Ягона миллий ҳаракат» (ЯМҲ) мухолифат партияси етакчиси Никанор Мелияни ҳибсга олди. У 2019 йилда тартибсизликлар уюштирганликда ва Грузия парламентига қилинган ҳужумда иштирок этганликда айбланмоқда. Операцияда юзлаб полициячилар иштирок этган. Партия раҳбарини ҳибсга олиш мобайнида полиция кўзни ёшлатувчи газдан фойдаланган. Қўлга олинган мухолифотчи зирҳли машинада олиб кетилган. Шунингдек, асосан, мухолифат тарафдорларидан иборат бўлган 21 киши партия офиси олдида ҳибсга олинган. Улар полициянинг қонуний талабларига бўйсунмасликда айбланган, кейинроқ улар қўйиб юборилган.

Маълумот учун «Ягона миллий ҳаракат» партияси грузиялик сиёсат арбоби Михаил Саакашвили томонидан ташкил этилган. У партияни бошқариш давомида ҳокимиятга эгалик қилиб келган, аммо 2012 йилги парламент сайловларида партия бизнесмен Бидзина Иванишвили томонидан асос солинган «Грузия орзуси» иттифоқига ютқазган. Шундан сўнг ЯМҲ мухолифатга айланди ва Саакашвилининг ўзи мамлакатни тарк этди. Ўшандан бери «Грузия орзуси» ҳокимиятни бошқариб келади.

Ника Мелия 2019 йил 20 июнда Тбилисида бўлиб ўтган тартибсизликлар ҳақидаги иш бўйича суд фигурантидир. Тартибсизликларга расман Грузия парламентида бўлиб ўтган Парламентлараро православ ассамблеяси ялпи мажлисида Россия Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг қатнашгани сабаб бўлди. Гаврилов мажлис раиси ўрнини эгаллаб, уни рус тилида олиб боргани мухолифат норозилигига сабаб бўлди ва улар норозилик акцияларини ташкиллаштирди. Тбилисидаги тартибсизликларда бир неча юз киши жабрланди.

Ника Мелия норозилик акциялари чоғида «гуруҳли зўравонлик»ни ташкиллаштирганликда ва «парламентга ҳужум уюштиришга уринганлик»да айбланмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!