Грузия 1 февралдан халқаро авиақатновларни қайта тикламоқда

Грузия 1 февралдан халқаро авиақатновларни қайта тикламоқда

Грузия 1 февралдан бошлаб мунтазам халқаро авиарейсларга қўйилган барча тақиқларни бекор қилади. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Натия Турнавага таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

«Биз 1 февралдан мунтазам рейсларга қўйилган чекловни олиб ташлаш мумкин деб ҳисоблаймиз. Бу Грузияда ишлайдиган барча авиакомпаниялар, шунингдек, Грузияга парвоз қилишни истаган янги авиакомпаниялар ҳам мунтазам рейсларни режалаштириш ва амалга ошириши мумкинлигини билдиради», — дейди Турнава.

Вазирнинг таъкидлашича, бу тиббий протоколлар ва вирусга қарши хавфсизлик қоидаларига амалга қилинган ҳолда бажарилади.

«Дунёдаги кўплаб авиакомпаниялар ҳозирда буни амалга ошираётгани сабаб бу қўшимча хавф туғдирмайди», — дея қайд этади Турнава.

Эндиликда Грузия ҳукумати мамлакатга кириш режимини енгиллаштириш масаласини муҳокама қилмоқда.

«Бу ўзаро боғлиқ ҳолатлар. Маълумки, айрим йўналишлар бўйича мунтазам рейслар мавжуд, бироқ иккинчи тўлқин, мамлакатга киришдаги айрим чекловлар сабаб авиакомпаниялар ўз ҳуқуқлари, частоталаридан мунтазам фойдаланмаяпти ва ўзлари хоҳлагандек рейсларни амалга ошира олмаяпти», — дейди идора раҳбари.

Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири мамлакат баҳорги мавсумдан кўпроқ туристларни қабул қила олишига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, январь бошида коронавируснинг «британча» штамми Грузияда ҳам аниқланган эди. Мамлакат ҳукумати 2020 йилнинг ноябрь ойи охиридан 1 февралгача жамоат ва шаҳарлараро транспорт воситалари, савдо марказлар ҳамда дўконлар фаолиятига, шунингдек, спорт ва маданий тадбирлар ташкил қилишга бир қатор чекловлар киритган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!