Греция COVID-19’га қарши эмланганларда жиддий асоратлар кузатилганини маълум қилди

Греция COVID-19’га қарши эмланганларда жиддий асоратлар кузатилганини маълум қилди

Грецияда коронавирусга қарши эмлашдан сўнг юз берган бешта жиддий ножўя ҳолат ҳақида маълум қилинган. Бу ҳақда мамлакат Миллий эмлаш қўмитаси раҳбари Мария Теодоридуга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

«Анафилактик реакция билан боғлиқ бешта жиддий ножўя таъсир ҳолатлари юзага келди ва улар самарали даволанди. Яна бир ножўя ҳолатнинг эса эмлаш билан боғлиқлиги тўғрисида якуний ҳужжатлар йўқ», — деди Миллий эмлаш қўмитаси раиси, профессор Мария Теодориду брифингда.

Шу билан бирга, Теодориду сўзларига кўра, Грецияда эмлашнинг оралиқ натижалари «жаҳон илмий маълумотларига тўлиқ мос келади».

Биринчи тиббий-санитария ёрдами бош котиби Мариос Фемистоклеоснинг сўзларига кўра, мамлакатда эмлаш суръати ортмоқда. Унинг таъкидлашича, Грецияда ҳозирги вақтда COVID-19’га қарши эмлашнинг ўртача кўрсаткичи Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига нисбатан яхшироқ. Мамлакатда вакцинация Pfizer/BioNTech ва Moderna препаратлари орқали амалга оширилмоқда. Греция 15 февралдан бошлаб AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни бошлади, мазкур препарат фақат 60 ёшдан 64 ёшгача бўлган кишиларда қўлланилади.

Аввалроқ Грецияда 85 ёшли эркак COVID-19’га қарши эмланганидан кейин вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, эмлашдан саккиз дақиқа ўтгач, эркак ҳушидан кетган. Унга юрак-ўпка реанимацияси (массажи) билан биринчи ёрдам берилганидан сўнг беш дақиқа давомида ўзига келган, аммо яна ҳушидан кетган.

Шунингдек, АҚШда 21 январь куни  COVID-19’га қарши эмланган бемор орадан бир неча соат ўтиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Унинг вафоти юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари текширув бошлаган.

Исроилда эса коронавирус инфекциясига қарши эмланган 13 кишида вақтинчалик юз фалажи юзага келган. Беморлардан бирининг маълум қилишича, у эмланганидан бир неча дақиқа ўтиб, ияги ва оғзида ғалати ҳиссиётни сезган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!