Ғийбат қандай ҳолларда кечирилади?

Ғийбат қандай ҳолларда кечирилади?

Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.

Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.

Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин.

Ғийбатга рухсатли узрлар:

1. Зулм кўриш.

Зулмга учраган киши то ҳаққини олгунича золимнинг зулми ҳақида гапириш ва шикоят қилишга ҳақли.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, ҳақ эгасининг гапи бор , деганлар.

2. Мункарни ўзгартириш ва гуноҳкорни тўғри йўлга солиш.

Хусусан, раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш ғийбатга кирмайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат ҳисобламаганлар.

3. Фатво сўрашда.

Бир киши муфтийнинг ҳузурига келиб: Фалончи менга зулм қилди ёки ҳақимни бермаяпти, уни қандай қилиб олсам бўлади? деса, ғийбат бўлмайди. Айбдорнинг номини ҳам айтиши мумкин. Аммо Фалон ишни қилган одамнинг ҳукми нима бўлади? қабилида ишора билан гапирилса, яна ҳам яхши бўлади.

Абу Суфён ибн Ҳарбнинг хотини Ҳинд бинти Утба эридан шикоят қилиб, уни бахил деб атаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлар.

4. Мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учун.

Мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот:

Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли , дедилар.

У кирганида эса унга мулойим гап айтдилар. Мен:

Эй Аллоҳнинг Расули, айтган гапингизни айтдингиз-у, кейин унга мулойим гапирдингиз? дедим.

Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб, тарк қилганларидир , дедилар .

Тўртовлари ривоят қилишган.

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан, у ҳақда сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбарсоллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ўзига эшиттирмасдан, мазаммат сўзини айтганлар. Ул зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билди-риб, уларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.

5. Никоҳ ва омонат қўйиш масаласида биров ҳақида маслаҳат сўралган одам маслаҳат сўровчига борини айтса, гуноҳ бўлмайди.

6. Айби лақабига айланиб қолган кишининг лақабини айтиш ҳам жоиз. Мисол учун, ўтган машҳур кишилар ичида Аъмаш шилпиқ ва Аъраж чўлоқ лақабли зотлар бўлишган.

7. Очиқ-ойдин фосиқлик қилган кишининг зикри.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Мужоҳара кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганида, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, Эй Фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим , демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганида у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади , дедилар .

Икки шайх ривоят қилишган.

Мужоҳир жаҳр сўзидан олинган бўлиб, ошкора қилувчи деган маънони билдиради.

Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юрган одам мужоҳир ҳисобланади.

Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв бўлмас экан. Ана шундай мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмайди.

Manba: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!