Ғиждувонлик муаллиманинг ўлимига дахлдор врач ва нотўғри хулоса берган эксперт устидан суд бошланди

Ғиждувонлик муаллиманинг ўлимига дахлдор врач ва нотўғри хулоса берган эксперт устидан суд бошланди

Кун нашрида бир муддат муқаддам Ғиждувонлик муаллиманинг сирли ўлими: унинг яқинлари қотил(лар) жазоланишидан умидвор сарлавҳаси остида Бухоро вилояти Ғиждувон туманида сирли алфозда вафот этган ўқитувчи Г.Нуриддинованинг яқинлари мурожаати бўйича суриштирув ўтказилган эди.

Шундан кейин Г.Нуриддинованинг ўлимида гумонланиб, шифокор С.Х. эҳтиёт шарт сифатида қамоққа олинган. Айблов хулосасига кўра, С.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлиши), 134-моддаси(мурдани таҳқирлаш), 186-моддаси 3-қисми (одам ўлишига сабаб бўлган хизматлар кўрсатиш) билан айбланмоқда.

Шунингдек, марҳума Г.Нуриддиновнинг жасадини ёриб, ўрганган эксперт Ф.А. ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми (экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши) билан айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди юритувига келиб тушган. ЖИБ Вобкент туман суди Маҳмуд Орипов Kun.uz мухбирига шундай деди:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланаётган С.Х. ва Ф.А. га доир жиноят ишининг тайёрлов қисмини кўриб бошлаган эдик. Бироқ жабрланувчи томонидан келтирилган ёзма раддия ҳамда судланувчи С.Х.нинг адвокати томонидан келтирилган ёзма раддиялар муҳокамага қўйилиб тингланди ҳамда мен раислик қилувчи М.Ориповга нисбатан уларнинг ишнинг холисона, беғараз ўтишини таъминлаш, бошқа суд тартибида кўриш, қолаверса судланувчи Ф.А. билан битта қишлоқда истиқомат қилишим сабабли суд холисона ўтишига тўсқинликлар бўлиши эҳтимоли юзага келиши мумкин, деган фикрлар эътиборга олиниб, ЖПКнинг 76-, 80- ҳамда 426-моддалари тартибида, алоҳида хонада ёзма равишда ажрим қабул қилиниб, суд мажлиси иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди. Улар томонидан келтирилган раддия қаноатлантирилди. Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш ва судлов масаласини ҳал қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судига юбориш бўйича ажрим қабул қилди ва тарафларга эълон қилинди.

Kun.uz мазкур суд жараёнини кузатишда давом этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!