Германияда қурғоқчилик туфайли Эльба дарёси соҳилидан 250 килограммлик авиабомба топилди
Германиянинг Дрезден шаҳри яқинидаги Хайденау ҳудудида қурғоқчилик туфайли суви саёзлашган Эльба дарёси соҳилидан оғирлиги 250 килограмм бўлган авиабомба топилди. Бу ҳақда Bild нашри маҳаллий полиция маълумотларига таяниб хабар берди.
Ўқ-дори дарё суви чекиниши натижасида очилиб қолган шағаллар орасидан аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, авиабомба совет ишлаб чиқаришига мансуб бўлиши мумкин.
Bild ушбу топилманинг ғайриоддий эканига эътибор қаратган. Чунки 1945 йил февраль ойида Дрезден кучли бомбардимон қилинган вақтда шаҳарга ҳаво зарбаларини асосан Британия ва АҚШ кучлари берган эди.
Айни пайтда мутахассислар авиабомбанинг келиб чиқиши ва уни хавфсизлантириш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
