Германия компанияси туризм хизматлари сифатини яхшилашга доир таълим лойиҳасини тақдим этди

Германия компанияси туризм хизматлари сифатини яхшилашга доир таълим лойиҳасини тақдим этди

Тошкентдаги «Инспира-С» меҳмонхонасида Германиянинг «Ўзбекистонда туризм ва меҳмондўстликни ривожлантириш лойиҳаси» тақдимоти бўлиб ўтди.

Германия компанияси туризм хизматлари сифатини яхшилашга доир таълим лоҳиясини тақдим этди

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер, Саксон иқтисодиёти таълим маркази вакили Ирина Айнерт, «Sequa» ташкилотининг Шарқий ва Ғарбий Европа, Марказий ва Шарқий Осиёдаги ҳамкорлик лойиҳалари раҳбари Анастасия Тулке, Саксон бизнес ҳамжамиятининг касбий таълим институти вакили Алберт Овер, Ўзбекистон Отелерлар уюшмаси раиси Фарангиз Абдуллаева ва бошқалар иштирок этди.

Германия компанияси туризм хизматлари сифатини яхшилашга доир таълим лоҳиясини тақдим этди

Тақдимотда нутқ сўзлаган Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов сўнгги йилларда туризм соҳаси жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

«Мақсадимиз — туризмда хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, туризм соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, кўламини кенгайтириш. Қайд этиш жоизки, Германия ва Ўзбекистон отелерлар уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа меҳмонхона бошқаруви сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистонда меҳмонхона бошқарувида Германия тизимини жорий қилишга қаратилган. Ўйлайманки, бу 2023 йилги асосий йўналишларимиздан бири бўлади», – деди Улуғбек Аъзамов.

У туризм хизматлари сифатини янада яхшилашда таълим лоҳияларини амалга ошириш муҳим эканлигини таъкидлаб, бу борадаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Германия компанияси туризм хизматлари сифатини яхшилашга доир таълим лоҳиясини тақдим этди

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер эса бугун тақдим қилинаётган лойиҳа мамлакатимиз учун жуда муҳим эканлигини қайд этди.

«Ўзбекистон ўз маданияти, қадриятлари, обидалари билан Европа, хусусан, Германия фуқароларини ҳам ўзига жалб қилмоқда. Бу жараёнда эса туризм соҳасида сифатли таълимни ошириш мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Клиннер. – Сифатли таълим туризм соҳасига кириб келаётган ёш кадрларга ўзлари учун керакли кўникма ва тажриба тўплашга, келажакда етук кадрга айланишга имконият яратади. Бу эса туризм соҳаси ривожланиб бораётган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир».

Тадбирда мутахассислар Ўзбекистонда туризм ва меҳмондўстликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва ундан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Сифатли таълим орқали меҳмонхоналар ва ресторанларда хизмат кўрсатувчиларнинг малакасини ошириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон туризм соҳасида билимли ва юқори салоҳиятли кадрлар кўпайишига хизмат қилади. Бу эса, албатта, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, хорижий туристлар сонини янада оширишда муҳим ўрин тутади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!