Германия ҳарбий харажатларни кескин оширади
Германия ҳукумати 2027 йил учун федерал бюджет лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатнинг мудофаа харажатлари 109,7 миллиард еврога етказилади.
Бу 2026 йилдаги 82,7 миллиард евролик мудофаа бюджетига нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўпдир.
2027 йил учун умумий федерал бюджет ҳажми 555,4 миллиард евро этиб режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2026 йилдаги 524,5 миллиард еврога нисбатан юқори. Қўшимча маблағларнинг катта қисми қуролли кучларни кучайтириш ва янги ҳарбий техника ҳамда қурол-яроғ харид қилишга йўналтирилади.
Маълум қилинишича, харажатларни оширишдан мақсад НАТО олдидаги мажбуриятларни бажариш ва АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштирокини қисқартиришга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда Германиянинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Бюджет лойиҳасида, шунингдек, 2027 йилда Украинага 11,6 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш кўзда тутилган. Кейинги йилларда эса бу ёрдам ҳажмини ҳар йили 8,5 миллиард еврогача камайтириш режалаштирилмоқда.
Харажатларнинг ўсишини молиялаштириш учун канцлер Фридрих Мерц ҳукумати қўшимча қарз маблағларини жалб қилишни режалаштирган. Бюджет лойиҳаси ҳали парламент томонидан тасдиқланиши лозим.
