Германия 16 декабрдан қатъий карантинга қайтади

Германия 16 декабрдан қатъий карантинга қайтади

Германияда коронавирус билан боғлиқ оғир вазият туфайли 16 декабрдан бошлаб камида 10 январга қадар давом этувчи қатъий локдаун жорий этилади. Бу ҳақда 13 декабрь, якшанба куни канцлер Ангела Меркель маълум қилди.

Бутун мамлакат бўйлаб озиқ-овқат ва кундалик маҳсулотлар сотиладиган дўконлардан ташқари барча чакана савдо дўконлари ёпилади. Мактабларда кундузги таълим тўхтатилади, болалар боғчалари ёпилади. Компанияларга эса ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиш ёки ходимларини масофавий ишлашга ўтказиш тавсия этилган.

Озиқ-овқат дўконларидан ташқари, дорихоналар, атторлик дўконлари, бензоколонкалар, банклар, жамғарма кассалари ва почта бўлимлари очиқ қолади.

24—26 декабрь кунлари Рождество байрамини 14 ёшгача бўлган болаларни ҳисобга олмаганда 5 кишидан кўп бўлмаган тор доирада, оилавий тарзда нишонлашга рухсат берилган. Янги йил (31 декабрь ва 1 январь) байрамига эса йиғилишлар ўтказиш тақиқланади, фуқароларга фейерверкларни отмаслик тавсия этилган.

Локдаун пайтида ибодатхоналарга боришга рухсат берилади, фақат ижтимоий масофаланиш ва ниқоб тақиш режимига риоя этиш лозим.

Бундан ташқари, 16 декабрдан 10 январгача фуқароларга Германиянинг бошқа ҳудудларига ёки чет элга чиқишдан воз кечиш тавсия этилади, жуда зарур бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Локдаун туфайли зарар кўрган корхоналар ҳукуматдан кенгроқ ёрдам олиши мумкин. Кўрсатиладиган ёрдамнинг максимал миқдори 200 дан 500 минг еврогача оширилади, аммо тўғридан-тўғри ёки билвосита банкрот бўлиш хавфи остида бўлган компаниялар учунгина татбиқ этилади. Товарларнинг нархи бўйича йўқотишлар учун компенсация бериш ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Германияда коронавирус билан боғлиқ чекловлар 10 январгача узайтирилиши мумкинлиги ҳақида 3 декабрь куни маълум бўлганди. Мамлакатда COVID-19 оқибатидаги ўлимлар сони рекорд даражада ўсмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!