Ғам-ташвишлар Аллоҳнинг синовими ёки балоси?

Ғам-ташвишлар Аллоҳнинг синовими ёки балоси?

Ўзига тўқ оиланинг бошлиғи эди. Қалби гўзал жуфти ҳалоли, одобли фарзандлари бор эди. Аллоҳ шунча неъматлар билан уни сийлаган бўлсада, ишларини Аллоҳга топшириб қўймас, таваккул қилмас эди. Шунинг учун ҳам мудом ғамгин юрарди.  Ишларининг оқибатидан хотиржам бўлмаслигидан чўчир, васвасалар ўй-хаёлларини буткул банд қилган эди. Бу ҳаммадан кўп оиласини ҳолдан тойдирарди.

Бир куни кичик ўғли бетоб бўлиб қолди. Шифокор ҳар қанча уни тинчитиб, ўғли соғайиб кетиши учун шифокорлар қўлидан келганча ҳаракат қилаётганини айтиб, ундан кўпдан кўп дуо қилишини сўраса ҳам, эркак талвасадан чиқмасди. Яқинларига ўғли бу хасталикдан вафот этиши мумкинлигини такрорлайвериб ҳам ўзи, ҳам уларнинг қалбини ғамгин қилди. Рафиқаси ва онаси унинг талвасасидан жаҳли чиқиб, бундай гапларни қайтармаслигини айтганди, изтиробдан уйга сиғмай ўзини кўчага отди.

Нима қилишини билмай йўлларда сарсари кезди. Шом намозига азон ўқилганди, масжидга кириб жамоат билан шом намозини адо этди. Намоздан кейин ҳамма масжидни тарк этар экан,  қиблага қараб, кўзида ёш билан дуо қилаётган бир киши диққатини тортди. Эркакнинг ғам-қайғуси, изтироби ва ташвишлари кўп эканлиги аён эди. Эркак дуосини тугатгунича кутиб турди ва юзига фотиҳа тортган кишининг ёнига бориб:

— Сизни изтироб билан дуо қилаётганингизга кўзим тушди. Бирор муаммоингиз борми? — дея сўради.

У киши уялинқираб, бир одамдан қарз олганини ва берувчи эртага келиб муддатга кўра қарзини сўрашини айтди.

— Чўнтагимда эса бир чақа пулим йўқ, — деди. 

У қарз миқдорини сўради ва чўнтагидан эркак айтган миқдорда пул санаб, унга тутқазди. Қарздор киши ғоятда севинди ва унга миннатдорчилик билдириб, узоқ дуо қилди.

У телефон рақами ва манзили ёзилган ташриф қоғозини олиб эркакка узатди ва қачонки бирор нимага эҳтиёж сезса албатта унга келишини ёки қўнғироқ қилишини айтди.  Бу ишидан қарздор киши ниҳоятда севинишини ўйлаган эди. Аммо унинг жавобидан ҳайратга тушди. 

— Йўқ, биродар, менинг бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Қачонки, бирор нимага эҳтиёж сезсам, ҳозиргидек намоз ўқийман ва қиблага юзланиб Аллоҳга дуо қилиб ёлвораман. Ҳозиргидек Роббим қадари билан мушкулим осон бўлиб, ҳожатимни раво қилади. Мен кўп ишлайман, пул топаман, лекин ҳеч қачон топган пулимга, ишимга ишонмайман. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек чиройли таваккул билан фақат Аллоҳга суяниб, Унга ишонаман дея қуйидаги ҳадиси шарифни айтди: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий маънода таваккал қилганингизда, У Зот сизни қушни ризқлаган каби сизларни ҳам ризқлантирарди. Қушлар оч қорин билан учиб кетиб, тўқ қайтиб келади».

Қарздор киши масжидда мамнун ва шукрона билан чиқиб кетди. У эса масжидда қолиб кўзларида ёш билан Аллоҳга ёлвориб, тавба қилди.

— Аллоҳим! Бизларни Сенга ҳақиқий маънода таваккул қилиш ва барча ишларимизни Ўзингга топшириб қўйиш билан ризқлантиргин! Бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйма ва ўз куч-қувватимизга суяниб қолишдан асра! Фақат ва фақат Сенинг куч-қудратингга ишониб суянайлик! Эй, барча ишларни ўз йўлига солиб, ҳожатларни раво қилган Роббим! 

Дуосини адо этиб, ҳар доимгидан фарқли равишда юзида табассум ва қалбида таваккул билан уйига қайтди. Пешвозига чиққан кичик ўғлини кўриб, ҳайрон қолди. Фарзанди дарддан фориғ бўлган, кулимсираб дадасини кутиб олди. Ҳамон шукрона саждасига борди ва бундан кейин ҳеч қачон ёмон хаёллар ва васвасаларга берилмаслик, Аллоҳдан яхши гумон ва гўзал хаёлда бўлишни айтиб қатъий аҳд қилди.

“Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», – дедилар. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар.” (Оли Имрон сураси, 173-175 оятлар).

Уламолар айтадиларки, агар бирор ғам, бирор бало бандани Аллоҳга яқинлаштирса, бу раҳматдир. Аммо бошга тушган ташвиш Аллоҳдан узоқлаштирса, бу балодир...

Умида Азиз тайёрлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!