Ғалаёнда айбдор деб топилган 6 нафар прокурор ишдан олинди

Ғалаёнда айбдор деб топилган 6 нафар прокурор ишдан олинди

7 декабрь куни Тожикистон Бош прокурори 7 ноябрдаги Хўжандда қаттиқ режимли 3/3 рақамли колонияда юз берган ғалаён бўйича айбдор деб топилган Сўғд вилоят прокуратурасининг 6 нафар масъул ходимини ишдан бўшатди. Бу ҳақда "turon24" хабар берди.

Сўғд вилоят прокуратурасидан исми ошкор этилишини истамаган шахснинг маълум қилишича, прокурорлар ишига совуққонлик билан ёндошгани сабаб Бош прокурор буйруғи билан ишдан бўшатилган, аммо уларга нисбатан жиноий иш очилиш-очилмаслиги аниқ эмас.

Маълум бўлишича, вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаси устидан назоратни амалга оширувчи прокурор Завқибек Шарифзода ва унинг ўринбосари Маъмур Аъзамзода, вилоят прокуратураси жазони ижро этиш муассасалари устидан назорат бўлими бошлиғи ва шу бўлимнинг уч нафар ходими ишдан бўшатилган.

"Қаттиқ режимли колонияда юз берган исён тергов қилиниши жараёнида прокуратура ходимлари маҳбусларга совуққонлик билан муомала қилгани аниқланди", дейди хабар берувчи шахс.

Айни пайтда Хўжанддаги қаттиқ режимли колониядаги исён сабабларини Тожикистон Бош прокуратураси ўрганмоқда. 

Ноябрь ойининг охирларида колониянинг исёнда иштирок этган ўндан ортиқ маҳбусига нисбатан янги жиноий ишлар очилди. Шунингдек, 7 нафар жазони ижро этиш муассасаси ходимларига нисбатан ҳам жиноий иш очилиб, улар ҳибсга олинди. Улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ҳам бор.

Тожикистон Ҳукуматининг расман эълон қилган маълумотига кўра, исён пайтида 2 нафар қамоқхона ходими ва 21 нафар маҳбус ҳалок бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!