Ғафлатда қолманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой кириб келди

Ғафлатда қолманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой кириб келди

... Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

“Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

Робиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлуд ойи” деб ҳам номланади.

Мавлуд нима дегани? Мавлуд луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлуди Набий” дейилади.

Мавлуд ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

Салавот нима дегани?Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.

Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?

Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти). 

*     *     *

Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар. 

*     *     *

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

*     *     *

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қилади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 

*     *     *

Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти). 

*     *     *

Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 

*     *     *

 

  • Салавот айтинг! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.
  • Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.
  • Салавот айтинг! Таҳорат олгандан сўнг.
  • Салавот айтинг! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
  • Салавот айтинг! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
  • Салавот айтинг! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда
  • Салавот айтинг! Ҳар намоздан сўнг.
  • Салавот айтинг! Уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин.
  • Салавот айтинг! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.
  • Салавот айтинг! Тонг отганда ва қуёш ботганда.
  • Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганингизда... Демак, ҳар кун, ҳар сония, ҳар нафасда салавот айтинг!    
  • Manba: muslim. uz 

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!