GAFA – АҚШнинг «катта тўртлиги»

GAFA – АҚШнинг «катта тўртлиги»

Йирик технологик компанияларнинг ривож топишини кўплаб омиллар, жумладан, глобаллашув, рақамлаштириш ва технологик инновацияларнинг ўсиши билан изоҳлаш мумкин. Америка Қўшма Штатларида Google, Amazon, Facebook ва Apple технологик компанияларнинг «Катта тўртлиги» ҳисобланади ва биргаликда GAFA деб аталади. Бундан ташқари, кўпинча ушбу рўйхатга Microsoft  ҳам киритиб ўтилади, шу сабабли «Катта бешлик» ёки GAFAM номларига ҳам дуч келиш мумкин. 

Google

Google — онлайн маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этадиган Американинг кўпмиллатли технологик корпорацияси. Google булутли ҳисобга олиш, қидирув тизимлари, аппарат ва дастурий таъминот, шунингдек онлайн реклама соҳасига ихтисослашган. Шўба корхоналарига YouTube, Google.org, Google Nest, Google AdMob, Waymo, Google Japan ва Double Click киради. 

Компанияга Ларри Пейж ва Сергей Брин асос солган, иккиси ҳам Стенфорд университетининг собиқ талабалари ҳисобланади. Компанияда айни вақтда тахминан 12 минг киши ишлайди ва ҳозирги бош директор Пичаи Сундар ҳисобланади. 

Корпорация қулай меҳнат шароитлари туфайли меҳнат бозорида машҳурликка эришган ва технология соҳасидаги энг яхши мутахассисларни жалб қила олгани билан ғурурланади. 

Amazon

Amazon АҚШда жойлашган халқаро компания. У 1994 йилда Жефф Безос томонидан онлайн китоб дўкони сифатида ташкил этилган, аммо кейинчалик кўламини заргарлик буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, электроника, кийим-кечак, дастурий таъминот, видеоўйинлар ва мебеллар савдосини ўз ичига олиш ҳисобига кенгайтирган. 

Amazon 40га яқин шўба корхоналарига эгалик қилади, жумладан Audible, Zappos, AbeBooks, Whole Foods Market, AmazonFresh, PillPack, Alexa, Amazon Books ва Amazon Studios. 2018 йил ҳолатига кўра, 647 минг 500 нафар киши ушбу компания ходими сифатида қайд этилган. Бош офислар Арлингтон ва Сиэтлда жойлашган.

Facebook

Дастлаб FaceMash деб номланган Facebook компанияси ва ижтимоий тармоғи 2003 йил июль ойида ташкил этилган бўлиб, унга Ҳарвард университетининг собиқ талабалари - Марк Цукерберг, Эндрю Макколлум, Эдуардо Саверин, Дастин Московиц ва Крис Ҳьюз томонидан асос солинган. 2019 йил июнь ҳолатига кўра, Facebook'да 39 651 нафар ходим иш билан таъминланган. Бош офис Менло Паркда (Калифорния) жойлашган. 

Apple

Apple 1976 йил апрель ойида Стив Жобс ва Стив Возняк томонидан асос солинган корпорация. У ташкил этилган пайтда асосчилар мос равишда 21 ва 26 ёшда эди. Жобс ҳам, Возняк ҳам коллеж битирувчиси бўлишган ва электроникага қизиқишган. Возняк муҳандисликни мустақил ўрганган эди ва илк Apple компютерини яратишда ўз билимларидан фойдаланган.

Бугунги кунда компания шахсий компютерлар, смартфонлар, маиший электроника ва компьютер дастурларини сотади. Шунингдек, корпорация Apple Stores деб номланувчи чакана савдо дўконларига эга ва бундан ташқари, медиа-контент тарқатиш билан шуғулланади. Бош офис Калифорния штатида жойлашган. Apple компаниясининг ҳозирги раҳбари - Тим Кук. 

Танқидий мулоҳазалар

«Катта тўртлик» потенциал рақобатчиларни сотиб олиш орқали бозор улушини эгаллашда айбланмоқда. Масалан, Google Double Click (реклама компанияси) ва Waze (харита хизмати)ни сотиб олди. Улар шунингдек, рақобатга зид ҳаракатларда айбланиб танқид қилинди, жумладан, Amazon рақобатчиларнинг Amazon платформаси орқали сотилган маҳсулотларидан нусха кўчиришда айбланди. Шундай қилиб, GAFA қўшма штатлар учун потенциал таҳдид сифатида кўрилмоқда, чунки улар иқтисодиёт, демократия ва жамият устидан ҳаддан ташқари катта кучга эгалик қилмоқда.

Ҳозирда ушбу корпорацияларни кичик қисмларга бўлиш керак ёки йўқлиги бўйича мунозаралар олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!