Фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди

Фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди

Фуқаро А.Содиқовнинг суд қароридан норозилиги ҳақидаги мурожаати Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилди, дея маълум қилди "prokuratura.uz".

Аниқланишича, А.Содиқовнинг Жиззах шаҳар, А.Навоий МФЙ, А.Навоий кўчасида жойлашган яшаш хонадони Жиззах шаҳар ҳокимининг 23.03.2015 йилдаги қарорига асосан кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши муносабати билан бузилишга тушган.

Мазкур уй баҳолаш хулосасига кўра 400 млн. 881 минг сўмга баҳоланган ва ушбу суммани тўлаб бериш қурувчи МЧЖга юклатилган.

Фуқаро А.Содиқов олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини кечиктирилишига сабабчи бўлаётганлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилган, бироқ у компенсацияни олишдан ва уй-жойини бузишдан бош тортган.

Шу билан бирга, Жиззах шаҳар ҳокимининг 18.10.2018 йилдаги қарорига асосан А.Содиқовга компенсация тариқасида Жиззах шаҳрининг А.Темур маҳалласи ҳудудидан 0,06 га ер участкаси ажратилган. Бироқ, А.Содиқов мазкур ер участкасини ҳам олишдан бош тортган.

Шунга асосан, Жиззах шакар ҳокимлиги судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар А.Содиқовга тегишли бўлган Жиззах шаҳар, А.Навоий МФЙ, А.Навоий кўчасида жойлашган 1-A уйнинг ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан жавобгар ҳисобидан буздиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 14.01.2019 йилдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 14.05.2019 йилдаги ажримига асосан ушбу ҳал қилув қарори “жавобгар А.Содиқовни оила аъзолари билан бирга низоли уйдан ижарага олинган Жиззах шаҳар, Уратепалик маҳалласи, Бекариқ кўчасида жойлашган 1-уйга кўчириш” ҳақидаги жумла билан тўлдирилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаро А.Содиқов ва бошқаларнинг мурожаатига асосан Бош прокуратура томонидан суд қарорларининг қонунийлиги фуқаролик иши ҳужжатлари билан бирга ўрганилиб, уларни бекор қилиш ҳақида назорат тартибида протест келтирилган.

Фуқаролик иши Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, суд қарорлари бекор қилинди ва иш бўйича Жиззах шаҳар ҳокимлигининг даъво талабларини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиниб, А.Содиқовнинг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!