Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган янги тартиб нималардан иборат?

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган янги тартиб нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устиворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сонли қарорининг 3-бандида назарда тутилган масалаларнинг ижроси юзасидан 2020 йил 14 майда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-617-сонли Қонун имзоланган бўлиб, Қонунда шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини жорий этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларига ёки бошқа қариндошларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юклашга доир қоидалар белгиланди.

Шу муносабат билан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари, шунингдек судлар 2020 йилнинг 15 май санасидан жиноят ишини кўришда қўйидаги қоидаларга амал қилиши лозим бўлади:

Жумладан, янги қоидага биноан, Жиноят-процессуал кодексининг (кейинги матнларда - ЖПКнинг) 52-моддасида ҳимоячидан воз кечиш қоидалари белгиланган бўлиб, бунга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши ва бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланган баённома тузилиши, суд жараёнида эса видеоёзув компакт дискда сақланиши ҳамда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши лозим.

Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиқиб, судлар терговга қадар текширувни ва жиноят ишини тергов қилишни амалга оширишда суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ҳимоячидан воз кечиш жараёни ЖПКнинг 91,224 ва
225-моддаларига амал қилган ҳолда видеоёзув орқали қайд этилганлиги ва бу ҳақда тегишли тартибда баённома тузилганлиги ҳолати жиноят иш материалларида ўз ифодасини топганлигини текшириши керак бўлади.

Бундан ташқари, терговга қадар текширувни ва жиноят ишини тергов қилишни амалга оширувчи суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан ЖПКнинг 91-моддасида назарда тутилган қўйидаги процессуал ҳаракатларни видеоёзув орқали қайд этиши шартлиги белгиланди. Жумладан:

1) ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш;

2) тинтув ўтказиш;

3) кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш;

4) тергов эксперименти;

5) шахсни ушлаш;

6) ҳимоячидан воз кечиш;

7) шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш.

Шунингдек, ЖПКнинг 217-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида шахсга нисбатан қўлланилган процессуал мажбурлов чораси ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.

Ушлаб турилган, қамоққа олинган, уй қамоғига ёки тиббий муассасага жойлаштирилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар берилиши, хабарноманинг кўчирма нусхаси жиноят ишига илова қилиниши лозим.

 Шунингдек, Қонун билан ЖПКнинг 224-моддасида қўйидагилар ўз аксини топди:

Хусусан, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ЖПКнинг 221-моддасида кўрсатилган асосларидан биттаси мавжудлигини бевосита аниқласа ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа:

1) ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши;

2) гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши;

3) ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши;

4) ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши;

5) ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.

Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга оширишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳозирлигида тузилиши мумкин.

Қонун билан, юқоридаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланган бўлиб, процессуал ҳаракатларни бажаришни кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан амалга оширишга йўл қўйилади. Мазкур қоида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган биносида амалга ошириладиган ушлаб туришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда, ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади.

Ушбу Қонунга биноан, шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.

Ушлаб туриш, шахсий тинтув қилиш ёки олиб қўйиш баённомасига процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида ёзиб қўйилиб, видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади.

Янги қоидада яна бир эътиборли жиҳат шундаки, шахс ушланганда ушлашнинг видеоёзув орқали қайд этилганлиги ва ушланган шахснинг видеоёзув материаллари билан танишганлиги, шунингдек шахсни ушлаш вақтида фойдаланилган воситаларнинг техник хусусиятлари иш бўйича юритилган баённомада ўз аксини топган бўлиши керак.

 

Учқун Самандаров,

Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди
катта мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!