Фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилади

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маҳалла институтининг мақомининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси даражасида мустаҳкамланишининг асосий мазмун ва моҳияти шундан иборатки, эндиликда давлатнинг ижтимоий сиёсати туман ёки шаҳардан эмас, балки маҳалладан бошланади.
Сўнгги етти йилда маҳалла институтини такомиллаштириш давлатнинг диққат эътиборида бўлиб, бу борада ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айнан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўз навбатида, сенаторлар фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек бўшаб қолган ўринларга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келганлигини ҳам қайд этиб ўтди.
Қонун билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу масалаларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонунда фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтириш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатларига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этишга хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.