Франция ҳукумати баёнот берди: мамлакат сиёсати ўзгармайди

Франция ҳукумати баёнот берди: мамлакат сиёсати ўзгармайди

Франция ҳукумати расмий вакили Бенжамен Гривонинг маълум қилишича, мамлакат вазирлар маҳкамасида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришларга қарамасдан, ўз сиёсатини ўзгартирмайди.

Аввалроқ, Франция вазирлар маҳкамасидаги ўзгаришлар президент Эммануэл Макрон Арманистондан қайтганидан сўнг юз бериши хабар қилинганди, у ушбу давлатга франкофония саммитида иштирок этиш учун боради. Франция раҳбари жума куни кечқурун Парижга қайтади. Ҳукуматда янгиланишларга эҳтиёж борлиги ҳақида бир ҳафта олдин вазифасидан кетган Франция ички ишлар вазири Жерар Коллоннинг истеъфосидан кейин гапира бошлашди. Макрон бош вазир Эдуар Филиппга ички ишлар вазири лавозимини вақтинча бажариш вазифасини топширди.

«Умумий сиёсий баёнот (парламент олдида) сиёсат ўзгарганда амалга оширилади, аммо ҳозирги ҳолат бундай эмас... Биз ҳозирда кузатилаётган сиёсат ва йўналишни қўллаб-қувватлаймиз», - деди Гриво чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат сиёсатида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслиги туфайли, бош вазирнинг техник истеъфоси ҳам талаб қилинмайди.

Гриво Макроннинг вазирлар кенгаши йиғилишидаги сўзларига таяниб таъкидлашича, «айрим шарҳловчилар тақдим этишга уринаётгани каби» парламентдаги кўпчилик ёки ҳукумат таркибида сиёсий йўналишга оид баҳслар йўқ.

Шунингдек, Франция президенти у ва ҳукумат раҳбари ўртасида ҳеч қандай тушунмовчилик йўқлигини таъкидлади, дея қўшимча қилиб ўтди Гриво.

Франция матбуоти хабарига кўра, ҳукумат алмашуви бир қатор вазирларга таъсир кўрсатади. Гриво бу борада изоҳ бермади, бу қарор президент ва ҳукумат раҳбари томонидан қабул қилинишини билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Елисей саройида ўтган давлат раҳбарларининг музокаралари ҳар томонлама самарали бўлди. Икки мамлакат учун манфаатли ва узоқ муддатли келишувларга эришилди. Ташриф доирасида ҳукуматлараро ва идоралараро 10та ҳужжат имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!