Фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш қонунчилик талабларига мос келмайди

Фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш қонунчилик талабларига мос келмайди

Аввалроқ, Фарғона вилоятида фонограммада қўшиқ айтиш ҳоким ташаббуси билан тақиқланган эди.

Ушбу вазиятга Маданият вазирлиги муносабат билдирди.

«Аввало, Фарғона вилояти ҳокимлигининг маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш жараёнига ҳисса қўшиш мақсадида бир қатор ташаббусларни илгари сургани эътиборга лойиқ. Хусусан, вилоятда байрам тадбирларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, гуруҳ таркибига вилоят маданият бошқармаси масъуллари, театрлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар киритилиши, ҳудудда ўтказиладиган байрам тадбирлари учун янги ғоялар, дастурлар, таклифларни ўртага ташлаб, бири бошқасини такрорламайдиган сценарийлар ишлаб чиқишга масъул бўлиши халқимизга тақдим этиладиган маданий-маърифий тадбирлар савиясини янада ошириш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.

Бироқ вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш борасидаги ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайди.

Албатта, Маданият вазирлиги доимо жонли ижро тарафдори бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Лекин биз фонограммани тақиқлаш эвазига эмас, балки жонли ижрони рағбатлантириш, санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига уни янада кенг оммалаштириш истагидамиз.

Зеро, Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги Фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунгача кўплаб санъаткорлар ушбу имтиёздан фойдаланди ва фойдаланмоқда. Қолаверса, мазкур рағбат бошқа қўшиқчиларнинг ҳам жонли ижрога бўлган хоҳиш-истагини кучайтирмоқда.

Фонограммадан эса, масалан, телевидение учун тасвирга олинадиган лойиҳалар, концерт дастурлари, байрам тадбирларида сифатни таъминлаш мақсадида режиссёр талаби билан айрим ўринларда фойдаланилади. Бундай ёндашув ривожланган давлатларда ҳам мавжуд.

Шу жиҳатдан Фарғона вилояти ҳокимлигидан ҳудудда бўладиган байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш эмас, балки жонли ижрочиларни рағбатлантириш, уларга янада кенгроқ имконият бериш позициясидан келиб чиқиб ёндашишни сўраб қоламиз», - дейилади вазирлик хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!