Фожиали! 8 ойида 350 дан ортиқ чақалоқ вафот этгани маълум бўлди

Фожиали! 8 ойида 350 дан ортиқ чақалоқ вафот этгани маълум бўлди

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг саккиз ойи давомида бир ёшгача бўлган болаларнинг 345 та ва янги туғилган чақалоқларнинг 13 та ўлим ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимиятида тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

Бу вақт давомида 270 нафар тиббиёт ходими турли маъмурий жазолар олган. Вилоят ҳокими чақалоқлар ва уларнинг оналари ўлими ҳолати қайд этилган Қўшработ, Пахтачи, Оқдарё, Нарпай, Булунғур, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳридаги туғруқ комплекслари фаолиятини танқид қилган.

Вилоят ҳокимияти томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг аниқлашича, Каттақўрғон туманида туғруқ давридаги аёллар учун зарур шароитлар мавжуд эмас, уларнинг касаллик тарихлари нотўғри юритилади, биринчи зарурият дори воситалари етишмайди, каравотларда матраслар йўқ. Янги туғилган чақалоқлар учун интенсив хоналар ва оғир аҳволдаги чақалоқлар учун биринчи ёрдам кўзда тутилмаган.

Ишчи гуруҳ томонидан Оқдарё туманида кесарча кесиш йўли билан туғдириш бўйича кўрсатмаларнинг кеч берилиши сабабли тўққиз ой ичида беш нафар чақалоқнинг вафот этгани аниқланган. Муддатидан олдин туғилган чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий нафас бериш аппарати марказлашган кислород таъминоти йўқлиги сабабли ишламайди. Бундан ташқари, ички ҳужжат юритиш нотўғри олиб борилади.

Хабар берилишича, Жомбой туман туғруқ комплексида навбатчи шифокорнинг нотўғри ташхиси оқибатида аёл ҳам ўз боласидан, ҳам бола кўриш имкониятидан ажралган, чунки унинг бачадони олиб ташланган.

Нарпай туманида зарур тиббий препаратлар ва қурилмалар мавжуд эмас. Пахтачи тумани туғруқ комплексида туғруқ давридаги аёлларни текширувдан ўтказиш учун дастлабки воситалар етишмайди, гепатит Б вирусига қарши эмлаш ўтказиш учун бир марталик шприслар ажратилмаган.

Ургут туманида операциялар ҳомиладор аёлларни ОИТС ва вирусли гепатит касалликлари бўйича текширилмасдан амалга оширилади, санитария-гигиеник меъёрлар бузилган. 21 сентябрдан 2 октябргача бўлган давр ичида кир чойшаблар тозалаш учун фақат бир марта топширилган.

Самарқанд шаҳридаги 1, 2 ва 3-туғруқ комплексларида ўтказилган текширувларда аниқланишича, баъзи қурилмалар маънан эскирган ва туманлардагидан ёмонроқ ҳолатда. Йиғилишда туғрухоналарнинг тўлиб кетганлиги ҳақида ҳам гапирилган, 150 кишига мўлжалланган туғруқхоналарда 190 нафар аёл ётқизилган.

Вилоят ҳокими туғруқ комплексларининг дорилар билан таъминланиш даражаси 70—80 фоиз эканлигини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, қолган дориларни беморларнинг ўзи сотиб олишга мажбур бўмоқда.

Ҳоким йиғилиш иштирокчиларига вазиятни тўғрилаш ва жойларда шифокорларга суюнчи тариқасида бериладиган коррупцияни йўқ қилиш ҳақида топшириқ берган.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича бир ёшгача бўлган болаларнинг ўлими ҳолати 3400 тани ташкил қилган, уларнинг 55,3 фоизини перинатал даврда юзага келадиган вазият сабабли юз берган ўлимлар ташкил қилган. Чақалоқлар ўлими коэффициэнти Самарқанд вилоятида 6,4 промиллени (1000 нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан) ташкил қилган. Энг паст кўрсаткичлар Фарғона ва Бухоро вилоятларида қайд этилган бўлиб, мос равишда 5,9 ва 6 промиллени ташкил қилган. Нисбатан юқори кўрсаткичлар Андижон (14,4 промилле), Хоразм вилоятлари (11,2 промилле) ва Тошкент шаҳрида (11,5 промилле) қайд этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!