Фожиа! Фарғоналик йигит отаси билан бирга тоғасини ваҳшийларча ўлдириб, ҳожатхонага кўмиб юборди

Фожиа! Фарғоналик йигит отаси билан бирга тоғасини ваҳшийларча ўлдириб, ҳожатхонага кўмиб юборди

Ўша куни цехга янги ишга кирган Азамат ишдан совуққотиб, жунжикиб уйга кириб келди. Онаси Муножотхон опа ўзи касал бўлишига қарамай дарҳол ўғлини ётқизиб, орқасига пахта ёғидан суриб, кўрпага ўраб ётқизиб қўйди.

Қўқон шаҳрининг “Қудуқли-3 тор кўчаси”да, бор-йўғи 3,5 сотихли тор ҳовлида яшовчи бу оиланинг шароити ҳаминқадар. Муножотхон опа неча йилдирки касал, уйдан чиқолмайди. Эри Ёдгор ёлланма ишчи. Яхшики, ўғли Азамат яқинда муқим иш топди. Бу эса вояга етмаган қизчаси бор оиланинг қора қозони кунда бўлмаса ҳам кунора қайнашига яхши сабаб бўлиши мумкин, деб онаси хурсанд бўлаётганди.

Бироқ, қачонлардир раҳматли онаси қизи Муножотхон эри, боласи билан “дом”даги бир хонали тор уйда қолиб кетаётганидан афсусланиб, ўзига қарашли ҳовлини тенг иккига бўлиб, бир қисмини кенжа ўғли Алишерга, бир қисмини қизи Муножотхоннинг оиласига хатлаб берганди. Лекин онасидан кейин Алишер спиртли ичимлик ичишга ружу қўйиб, ишламай, оиласидан ажрашди. Сўнг Бешариқ туманидан яхши бир аёлни топиб, олиб беришган эди, бу хотин ҳам кетиб қолди.

Хуллас, Алишернинг емоқ-ичмоғи ҳам опаси Муножотхоннинг уйидан бўлиб қолди-ю, кўп насиҳатларга қарамай Алишер сира ўзини ўнглай демасди. Девор-дармиён қўшни бўлиб яшаётган Алишер кунда маст, опасининг уйига чиқиб, вақти келса ҳовлини бошига кўтаради. Аммо Муножотхон опанинг оиласидагилар ноилож чидашади. Ахир айтадилар-ку, бу бармоғингни тишласанг ҳам ўзингники, бошқасини тишласанг ҳам ўзингники, барибир оғрийди, деб.

Кечаси тун яримлаётганди. Кутилмаганда девор ортида маст-аласт юрган Алишер поччаси Ёдгор Холиқовга эшиттириб:

– Азаматни чақиринг, менинг телефонимни телеграмга созлаб берсин, – дея бақира бошлади.

Ёдгор девор яқинига келиб, жияни Азамат мазаси бўлмай ухлаётганини, телефонини эрталаб созлаб бериши айтгандики, Алишер пастаккина девор ошиб, гупп этиб бу тарафга ирғиб тушди ва:

– Азаматни тез уйғотинг, – дея буйруқ қилди.

Укаси яна ичиб келиб, девор ошиб ҳовлига тушганини билган Муножотхон опа ташқарига чиқди. Алишер гап уқадиган даражада эмас эди. У ошхонага кириб, диванга чўзилиб ётиб олди.

– Биласанларми сенлар, – дея одатдагидек “ваъз” ўқий бошлади у опаси ва поччасига қарата. – Бу ҳовлини сенларга мен ажратиб берганман. Сен эса ичкуёвсан. Ичкуёв эканингни эсдан чиқарма, ўтирган уйларинг менга тегишли, – деб поччаси Ёдгорга қўлини бигиз қилди.

Бу гапни эшитган Ёдгорнинг юзига қон тепди, орияти қўзиди. Лекин осмон узоқ, ер қаттиқ. Ичкуёв эканлиги тўғри. Нима қилсин, оилавий шароити шундақа бўлса?

Ҳовлидаги тўполонни эшитиб, уйда ўраниб ётган Азамат ошхонага чиқиб келди. Азамат тоғасидан телефонини олиб чиқишини ва шу ерда тўғрилаб беришини айтди. Алишер ҳовлига чиқиб, опасига “Ўғлингизни қўрқоқ, қизларга ўхшатиб тарбиялаяпсиз”, деб гапирган эди, опаси укасига қарата “Ўғлимни тарбиясига тил текказма!” деб бақириб берди. Сўнг эса поччаси Ёдгорга “Сенга ўзим уй берганман, ичкуёв”, деб яна уни камсита бошлади. Бу гапларнинг ҳаммасини ошхонада турган Азамат баралла эшитиб турарди. Тоғасининг ҳақорату дашномалари бошидан ҳам ошиб кетганини сезган Азамат тоғасини ўзининг ётоқхонаси олдидаги ошхонага олиб кириб, диванга ўтқазди. Алишер жияни Азаматга онаси Муножотхоннинг аввалги ҳаётини гапириб, бир хонали уйда яшагани, онаси яхшиликни билмаслигини айтиб, диванга ётиб олди. Дадаси Ёдгор уларнинг олдига кириб, тоғасига уйига кириб ётишини айтгандики, у “Тилинг чиқиб қолибдими, ичкуёв” деб яна ҳақоратлаб, бир оздан сўнг “учиб” ухлаб қолди. Қони қайнаб, ўзини босолмаётган Азамат ҳовлига чиққанида онаси хавотир олиб турганини кўриб, унга тоғасини ўлдиришини, қачонгача уларни камситиб, ҳақорат қилишини айтганида, онаси уни бу мудҳиш йўлдан қайтарди. Бундай қилмаслигини айтиб, йиғлади. Кейин дадасига “Тоғам сизни ҳам ичкуёв деб қанча ҳақорат қилади?” деб айтар экан, хаёлан “Қачонгача мана шундай ҳақорату дағдағаларга кўниб яшашимиз мумкин? Бунинг охири борми?” дея беҳад аччиқлана бошлади. Шунда… Ногаҳон мана шу тоғаси Алишерни ўлдириб, ундан тез-тез эшитадиган ҳақорату дашномлардан биратўла қутулиб қўя қолишдек мудҳиш ўй калласидан чиқиб кетмаётганди. Ва тоғаси Алишернинг ҳақоратларидан тўйиб, миясидаги даҳшатли ўй қатъийлашиб бораётгандек эди. Онаси билан синглисини уй ичига киритиб юборгач, Азамат дадасига бир қаради-ю, миясига қаттиқ ўрнашиб қолган ўша даҳшатли гапни дадил айтди:

– Дада, тоғамни ўлдириб қўя қолайлик. Қачонгача…

– Йўқ, – деди дадаси.

Аммо тилида айтган “Йўқ” деган бу сўзни дили “Ҳа” деб тасдиқлаётгандек эди. Чунки қайноғаси Алишер томонидан доимий тарзда Ёдгорнинг “ичкуёвсан” деб хўрланиши “Ҳа” дейишга мажбурлаётганди. Ота-бола аввалига бироз тортишишди. Бироқ Ёдгорга ўғли Азаматнинг тоғаси Алишер тўғрисида билдираётган фикр, мулоҳазалари тобора жўялидек туюла бошлади. Алҳол дадаси кўнди.

– Сиз оёқ томонидан босиб турасиз. Мен ётган жойида мана шу пичоқ билан бўғизлаб қўя қоламан, – деди Азамат тобора ваҳшийлашиб борар экан.

…Мана ўн кундан ошдики, Азамат ўзида эмас. Уйқусигинамас, ўнгида ҳам алаҳсийдиган афтодаҳол бир ҳолатга тушди. Онаси Муножотхон опа-ку куну кун йиғлайди. Дадаси Ёдгор ака бир нуқтага тикилади, холос. Чунки аввал бўғизланиб, сўнг қорнига пичоқ санчилган, калласи болта билан чопиб, узиб олинган укаси Алишернинг қизил қонига беланиб ётганини ошхонага чиқиб қолган Муножотхон опа ўз кўзи билан кўрди-да.

Оила аъзоларининг барчасини дами  ичида.

Ниҳоят Ёдгор ака билан Муножотхон опа ўғиллари Азаматнинг аҳволи яхши эмаслиги учун уч-тўрт қарияни чақириб, эскича қилворайликми, деган фикрга келишди. Бу ҳақдаги хабар тезда яқин қариндошларга етказилди.

Яқин қариндошлар кела солиб Алишернинг қаердалиги билан қизиқа бошлашди. Баъзилари “Пахта териб, уч-тўрт сўм ишлагани кетган бўлса керак” деса, бошқа бирлари Алишернинг қаердалиги тўғрисидаги саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочиб, мужмалланаётган Муножотхону Ёдгор ва Азаматнинг ўхшамаётган саъй-ҳаракатларидан шубҳаланиб, “Мабодо ўлдириб юборишмадимикан?” деган гумонга ҳам бора бошлашди. Чунки қўшнилар тугул яқин қариндошлар ҳам сўнгги вақтларда Алишер ичиб олиб, бу оилани муттасил ҳақорату дағдағалари билан жонига текканини яхши билишарди. Бироқ шу кунгача оила аъзолари бу ҳақда бировга лом-лим деб оғиз очишмаганди.

Ниҳоят яқин қариндошлардан бири  аввал Ёдгорни, сўнг Азаматни бир четга тортиб, не воқеа юз бергани билан астойдил қизиқсина бошлади. Чунки, яқин қариндошининг ўғли Авазжон бу ҳовлидаги ҳожатхона тахтаси кўчирилгани, тупроқ янги ковланганини айтган. Бундан шубҳаланган яқин қариндоши аввал Муножотхон билан яқиндан суҳбатлашиб, Алишерни суриштирди. Муножотхон бирдан йиғлаб юбориб, Алишерни ўлдириб қўйгани, уни бир ўзи ўлдириб, ҳожатхонага кўмиб қўйганини айтди. Бу гапга ишониб-ишонмаган яқин қариндоши Муножотхоннинг ўғли Азаматни чақиртириб, ундан ҳам  сўрай бошлади. Азамат тоғаси Алишерни ўзи ўлдирганини тан оларкан, бу мудҳиш ишни тоғаси ота-онасини ҳақорат қилгани сабабли қилганини айтди. Шундай қилиб, Алишер ўлдирилиб, ҳожатхонага ташланиб, устидан кўмиб юборилгани аён бўлди. Қариндошлар зудлик билан бу ҳақда ИИБга хабар беришди…

Суд жараёнида мудҳиш қотилликнинг барча тафсилотлари бирма-бир очилиб борар экан, суд жараёнида жабрланувчи, марҳум Алишернинг қонуний вакили У.Назарова марҳум Ашуров Алишер кенжа укаси, судланувчи Азамат Холиқов катта опаси Ашурова Муножотхоннинг ўғли, Ёдгор Ҳолиқов эса унинг турмуш ўртоғи, яъни поччаси  экани, отаси ёшлигида онаси билан ажрашиб, етимликда катта бўлгани, онаси 2015 йилда вафот этгани, опаси Муножотхон 2-гуруҳ ногирони бўлиб, шароити ўта оғир бўлгани сабабли онаси ҳаётлик даврида ўзи яшаб келган хонадоннинг 3,5 сотих ер майдонини унга ажратиб, уй-жой қилиб бергани, опаси шу уйда фарзандлари Азаматжон ва Мадинахонлар билан яшаб келиши, поччаси Ёдгор Ҳолиқов ёлланма иш билан шуғулланиши, жияни Азамат Ҳолиқов эндигина цехга ишга кириб, иш бошлаган бўлгани, укаси Алишер Ашуров онасидан қолган ҳовлида яшаб, икки маротаба турмуш қуриб, 2015 йилда иккинчи турмушидан ҳам ажрашиб кетгани ва шундан бери бир ўзи яшаб келгани, опаси Муножотхон у билан бир девор бўлиб яшагани сабабли уни озиқ-овқат ва бошқа камчиликларидан доимо хабар олиб тургани, укаси Алишер спиртли ичимликни кўп истеъмол қилиб, уйда пул бўлмаганида нарсаларни сотиб, ичиб келгани, Алишернинг тарбияси яхши эмаслиги, бир неча маротаба жуда қўпол сўзлар билан уни ҳам ҳақорат қилиб жанжаллашгани, опаси Муножотхон ва унинг оила аъзолари билан тез-тез келиша олмай жанжаллашиб, поччаси Ёдгор Ҳолиқовни ичкуёв эканини юзига солиб, маст ҳолатда кўп маротаба ҳақорат қилганидан ҳабардор экани, шундай бўлса-да, опаси Муножотхон унга эътибор бермасдан укаси Алишернинг ҳолидан хабар олиб тургани, жияни Азамат ва поччаси Ёдгор укаси Алишер Ашуровни ўлдирганлигини ўн кундан сўнг эшитгани, қонуний вакил сифатида ва барча яқинлари номидан укаси Алишер Ашуровнинг ўлимига ўзи сабабчи бўлган деб ишонч билан айтиши мумкинлигини, чунки у спиртли ичимлик ичса, доим бошқаларга зиён етказиб, ҳақорат қилиб, жанжал қилиб келгани ва шундай ҳолат бир кун бўлиши аниқ эканлиги, унинг ўлими бўйича Азамат Ҳолиқов ва Ёдгор Ҳолиқовларга ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, уларга енгиллик қилиб, имконият бўлса, очиқда жазо берилишини, чунки уларнинг оилавий шароити жуда оғир экани, ҳозирда опаси 2-гуруҳ ногирони бўлиб, ишга яроқсиз эканлигини ва бир нафар вояга етмаган қизи билан ёлғиз қолганини билдириб, судланувчиларга енгиллик беришини сўради.

Бироқ, ҳар қандай жиноят, айниқса қотиллик жинояти ҳеч қачон жазосиз қолиши мумкин эмас.

Дастлабки тергов органи судланувчи Ё.Ҳолиқов ва А.Ҳолиқовларнинг  А.Ашуровни улар яшаётган уй-жой унга тегишли экани, ушбу уй-жойни бўшатиб қўйишларини талаб қилгани сабабли уй-жойга эгалик қилиш мақсадида, таъмагирлик ниятида ўлдирганликда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан етарли далил ва асосларсиз  ортиқча квалификация қилган деб ҳисоблади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 14-бандида айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар учун моддий наф кўриш (пул, мол-мулкни ёки унга эгалик ҳуқуқини, турар жойга нисбатан ва шу каби ҳуқуқларни қўлга киритиш) ёки моддий харажатлардан (мол-мулкни, қарзни қайтаришдан, хизматга ҳақ тўлашдан, мулкий мажбуриятларни бажаришдан, алимент тўлаш ва шу кабилардан) қутулиш мақсадида қасддан одам ўлдириши таъмагирлик ниятида содир этилган жиноят сифатида (Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисмининг “и” банди билан) квалификация қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Дастлабки тергов ҳужжатлари ва судда сўралган судланувчилар Ё.Ҳолиқов ва А.Ҳолиқовлар, жабрланувчини вакили У.Назарова, гувоҳлар М.Ашурова, М.Ҳолиқова, Н.Аҳмедов, А.Аҳмедов, О.Юсупова, М.Қўчқоров, М.Турғунбоева ва А.Парпиевлар А.Ашуровнинг қасддан ўлдирилишига унинг уй-жойига эгалик қилиш учун содир этилмагани, воқеа кунига қадар бирон маротаба А.Ашуров билан уй-жой талашиб жанжаллашмагани ҳақида кўрсатув беришган.

Бундай ҳолатда судланувчи Ё.Ҳолиқов ва А.Ҳолиқовларни таъмагирлик ниятида А.Ашуровни ўлдирганликда айблаб бўлмайди.

Шу сабабли, суд Ё.Ҳолиқов ва А.Ҳолиқовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси  2-қисми “и” банди билан оқлаш лозим деб ҳисоблади.

Суд Ёдгор Ҳолиқовга жазо тайинлашда, айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида икки нафар фарзанди бўлиб, уларни бир вояга етмаганлиги, оилавий шароити оғирлиги, турмуш ўртоғи 3-гуруҳ ногирони экани, яшаш жойидан ижобий тавсиф берилгани, муқаддам судланмагани, жабрланувчининг вакилини даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги илтимосномасини, жиноятни келиб чиқишига жабрланганнинг ножўя хатти-ҳаракатлари сабаб бўлгани ҳамда у билан бирга фарзанди ҳам судланаётганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қонунда назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни;

суд Азамат Ҳолиқовга жазо тайинлашда, айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, ёшини, оилавий шароити оғирлиги, онасининг 3-гуруҳ ногирони экани, яшаш жойидан ижобий тавсиф берилгани, жабрланувчининг вакилини даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги илтимосномасини, жиноятни келиб чиқишига жабрланганнинг ножўя хатти-ҳаракатлари сабаб бўлгани ҳамда у билан бирга отаси ҳам судланиб, унга ҳам озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланаётгани, оиласида боқувчи шахс қолмаганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қонунда назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.

Ва суд ҳукми билан Ҳолиқов Азаматжон Ёдгоржон ўғли ва Ҳолиқов Ёдгор Таджиевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан оқланган бўлса-да, Азамат Ҳолиқов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмини “в, ж, п,” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 8 йил озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судлануувчи Ҳолиқов Ёдгор Таджиевич Ўзбекистон Республикаси ҳам Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмини “в, ж, п” бандлари билан айбли деб топилиб,  Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 12 йил озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳа, юқоридаги мудҳиш ва даҳшатли воқеани ҳар бир инсон ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўриши мумкин. Чунки, ҳар биримизнинг яқинларимиз бор, яхшими-ёмонми улар билан муносабатдамиз. Шундай экан, оғир кунингизда ёрдамини аямайдиган яқинларингизни ҳеч қачон дилини оғритманг. Акс ҳолда… Шунга айтсалар керак-да, бирни кўриб, шукр қил, бирни кўриб, фикр қил, деб. Зеро, вояга етмаган фарзанди билан касалванд ҳолатда ҳовлисида ёлғиз қолган Муножатхон опани яқинлари ташлаб қўйишмайди деб ишонамиз.

Т.МИРЗАЕВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ, “Қонун ва ижро” газетасининг мухбири.   


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!