Фирибгарлик қурбони бўлиб қолманг

Фирибгарлик қурбони бўлиб қолманг

“Пул инсонни сеҳрлайди, одамлар пул топишнинг ҳар қандай йўлларини ўйлаб топадилар.” (Ш.Монтескье).

Дарҳақиқат, шиддат билан ривожланаётган оламда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бир қаторда, пул топишнинг янги йўлларини ўйлаб топмоқдалар. Кимдир ҳалол меҳнат, машаққат билан топса, яна кимдир бировнинг мулкига кўз олайтириб, текинга бойлик орттириш йўлини танлаган.

Кейинги вақтларда содир этилаётган жиноятлар ичида “Фирибгарлик” жинояти сезиларли даражада ошган. Ушбу жиноят қурбони бўмасликлари учун фуқароларимизга кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлсада, улар барибир ушбу жиноят жабрланувчисига айланиб қолмоқдалар.

“Фирибгарлик” алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Ташқи тарафдан мулкдор томонидан мулкни ихтиёрий равишда бериш ёки бегоналаштириш ва жиноятчига ўтказиш кузатилади. Айнан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкдорда ёки мулкнинг бошқа қонуний эгасида мулкни ёхуд мулкий ҳуқуқларини жиноятчига ўтказиш фикрини туғдиради.

Алдаш деганда, мол-мулк эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган шахснинг ўзи уни фирибгарга ихтиёрий равишда, ўз хоҳиши билан беришига эришиш мақсадида, жабрланувчини чалғитиш учун айбдор шахс томонидан ҳар қандай фактни бузиб кўрсатиш ёки ҳақиқатни яшириш ёхуд била туриб ёлғон маълумотларни хабар қилиш тушунилади.

Ишончни суистеъмол қилиш эса айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мулк эгаси ёхуд мулк эгалиги ихтиёрида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилиши лозим. Одатда, ишончга асосланган муносабатлар фирибгар ва жабрланувчи шахс ўртасида прокат, ижара, олди-сотди, топшириқ шартномаси ва бошқаларда вужудга келиши мумкин. Фирибгар ниятига эришиш учун хизмат, қариндошчилик, дўстлик муносабатларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Масалан, фуқаро Х.А. Бухоро шаҳар Шейхон МФЙ, “Газли шоҳ” кўчасида жойлашган “Миран” меҳмонхонасида ишлаб келаётган фуқаро Н.Каримова билан дўстона алоқага киришиб, у билан бир неча кун мулоқотда бўлиб, ишончига кирганидан сўнг, 2021 йил 27 ноябрь куни соат тахминан
22:10 ларда ўзининг уяли телефон аппарати йўқолганлигини, унинг телефонидан оила аъзоларига қўнғироқ қилиб олишини, 20 дақиқадан сўнг қайтаришини айтиб, баҳоси 3.000.000 сўмлик “Samsung A-31” русумли уяли телефон аппаратини олиб, ходиса жойидан яширинган.

Шунингдек, Х.А. фуқаро Н.К.нинг телефон аппаратини қўлга киритганидан сўнг ушбу телефон аппаратида созланган “Payme” дастурига рухсатсиз кириш йўли билан унинг номидаги ТИФ “Миллий банк” АЖ Бухоро филиали ва “Микрокредитбанк” Бухоро филиали томонидан расмийлаштирилган пластик карточкаларидан 2021 йил 28 ноябрь кунидан 2021 йил 1 декабрь кунига қадар вақт оралиғида жами 4.269.425 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатда судланувчи Х.А. жабрланувчи билан бир неча кун дўстона алоқа ўрнатиб, унинг унинг ишончига кирганидан сўнг, мулк эгаси ҳисобланган Н.К.га ўзининг уяли телефон аппарати йўқолганлигини, унинг телефонидан оила аъзоларига қўнғироқ қилиб олишини айтиб, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланган.

Яна бир мисолда эса, судланувчи Н.Ш Интернетнинг “телеграмм” ижтимоий тармоғида “Botirxon Imomxujayev Jesko aksiya” гуруҳини ташкил қилиб, ушбу гуруҳга аъзо бўлган К.Д.га ўзини мазкур гуруҳ администратори сифатида таништириб, гуруҳга бошқа иштирокчиларни қўшганлиги сабабли унга 800.000 сўм миқдорда ютуқ чиққанлигини, агар ўзига тегишли банк пластик картаси рақамини берса, картасига ютуқ пулини ташлаб беришини айтиб, шу орқали Д.К.нинг номида бўлган АТ “Ҳамкорбанк” Бухоро шаҳар филиали томонидан очилган пластик картасини махфий пин кодини олиб, унинг банк пластик картаси тизимига рухсатсиз кириш йўли билан картада мавжуд бўлган 950.000 сўм пулларни яширин равишда ўзининг ҳисобига ўтказиш орқали талон-торож қилган.

Ушбу ҳолатда эса судланувчи жабрланувчини алдаб, акцияда ғолиб бўлганлигини ва унга ютуқ пуллари чиққанлигини айтиб, мулк манбаини ўз хоҳишига кўра беришига эришган.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам шахс ўз қилмишини тўғри қасд билан, ўзининг ғаразли мақсадини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бунда фирибгар ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жабрланувчини чалғитаётганлигини ҳамда била туриб ишончини суистеъмол қилаётганлигини англаб етди ва бунинг содир этилишини хоҳлади.

Шуни айтишимиз мумкинки, “фирибгарлик” жиноятлари ва унинг оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот ишлари олиб борилаётган бўлсада, фирибгарлик жинояти, фирибгар ёки товламачилар қарамоғига илинаётган фуқароларимизнинг сони янада ортиб бормоқда. Қолаверса, тараққиёт юксалиб боргани сари фирибгарликнинг ахборот технологиялри, интернет орқали амалга оширилаётган турлари тез-тез учрамоқда.

Жўрабек Тожиев,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!