Фирибгарлик, пўписа ва енгилтак аёллар: ўғил ўгай отасини ўлдирди

Фирибгарлик, пўписа ва енгилтак аёллар: ўғил ўгай отасини ўлдирди

2018 йилда Қаршидаги меҳмонхоналардан бирида рўй берган қотиллик юзасидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди раиси Ш.Ҳасановнинг «Қашқадарё» газетасида чоп этилган мақоласида ҳикоя қилинади.

2018 йил октябрь ойида Қарши шаҳридаги нуфузли меҳмонхоналардан бирида қотиллик содир этилган эди. Қизиқ томони, қотил меҳмонхонадан қочиб чиқиб тўғри прокуратурага йўл олган ва бор гапни ўзи айтиб берган. Хўш, ёш йигит нега бундай мудҳиш жиноятга қўл урди? Суриштирув жараёнида жиноятнинг содир этилишига замин яратган ҳолатлар бўртиб чиқди.

Асли Косон туманидан бўлган Фозил Жалилов (мақоладаги барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган-таҳр.) оиласи билан Тошкент шаҳрида яшаса-да, иш жойи «Косон ёғ-экстракция» АЖда эди. У мазкур корхонанинг қўриқлаш бўлимида фаолият юритган.

Топиш-тутиши зўр, чўнтаги доимо пулга тўла Фозилнинг кўп вақти оиласидан ташқарида ўтар, турли базмлар, кайф-сафо кундалик ҳаёт тарзига айланиб кетганди. Ана шундай кунларнинг бирида у Гўзал исмли аёл билан танишиб қолади.

Гўзал Нодирова Қарши шаҳридаги ресторанлардан бирини бошқарар, бу жой унинг отасига тегишли эди. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси бўлган бу аёл ҳам ўйин-кулги, базму жамшидларга ўч чиқиб қолди. Фозилнинг икки-уч марта ушбу масканга келишию, ресторан соҳибасига лутф кўрсатиб, уни дастурхонга таклиф этиши билан ўртадаги муносабатлар тобора яқинлашиб бораверди. Вақт ўтиб, турли хилват гўшаларда бўладиган яширин учрашувлардан ўзгалар ҳам хабар топа бошлади. Ҳатто бу гаплар аёлнинг отаси, турмуш ўртоғи, ака-укаларига ҳам етиб борди. Улар Гўзални бу эгри йўлдан қайтаришга уринди, аммо ёшлигидан ҳеч нарсага муҳтожлик сезмай, доимо ўз сўзини ўтказиб ўсган, ҳаётни фақат ўйин-кулгидан иборат, деб билган аёлга маслаҳатлар, дўқ-пўписалар ҳам кор қилмади. Қайтага барча шубҳалар, гап-сўзларга чек қўйиш учун Фозил билан очиқчасига эр-хотин сифатида яшай бошлади.

Ана шу йўсинда бошланган муҳаббат қиссаси орадан уч-тўрт йил ўтиб залолатга юз тута бошлади. Фозил тез-тез ичиб келар, Гўзалнинг эса дарду дунёси бир олам эди. Енгил-елпи ҳаётга ўрганган бу кимсаларнинг ҳеч бири рўзғор масъулиятини зиммасига олгиси келмас, арзимас сабаблар билан бошланадиган тортишувлар кўпгина ҳолларда катта ғалва, ур-тўполон билан тугарди. Ачинарли жиҳати, фарзандлар ҳам ана шу ғалвалар орасида ўсди. Ўгай отанинг ҳақоратлари, онасига нисбатан зўравонликларини кўриб катта бўлишди.

2014 йилда Гўзал Нодированинг катта ўғли Тошкент шаҳридаги олийгоҳлардан бирига ўқишга кирди. Бу вақтда Фозил Жалилов ҳам корхонадан бўшаб пойтахтга кетган, вақти-вақти билан иккинчи оиласига ҳам келиб турарди. У ўгай ўғлининг Тошкентга ўқишга кирганини эшитгач, анча вақтдан буён кўнглининг бир чеккасида ўйлаб юрган режасини амалга оширишга киришди.

— Мана шу ҳовлингни сотамиз, — деди у Гўзалга. — Пулига Тошкентдан «дом» олиб бераман. Менга яқинроқ бўласизлар, барчамиз бирга яшаймиз.

Аёл бу таклифга рози бўлгач, уй 49 минг АҚШ долларига сотилди. Аммо Фозил бу пулга квартира эмас, «Прадо» русумли машина сотиб олди. Гўзал ва фарзандларини эса Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонга олиб бориб, «Мана шу уй сизларга, пулини ўзим тўлайвераман», деб айтди. Аёл кейинчалик билса, улар бу хонадонда ижарада туришган экан. Шундан сўнг яна Қаршига қайтишди, жанжаллар бошланиб кетди.

Гўзал Фозилдан уйнинг пулини талаб қилар, Фозил эса аксинча шу вақтга қадар улар учун сарфлаган барча харажатларини ҳисоблаб, аёлга «Яна 35 миллион сўм қарзсан, ана шу пулни тўла, кейин орамиз очиқ», дея удағайларди. Жанжаллар мавзусига Гўзал Нодированинг қизи — Мухлисанинг турмушга чиқиш масаласи ҳам қўшилгач, ўртадаги аланга янада оловлана бошлади.

Мухлиса бир йигитга фотиҳа қилинган, аммо Фозил нима учундир бу ишга тиш-тирноғи билан қарши туриб олганди. Аёлга тўйни тўхтатасан, дея қатъий шарт қўйди, калтаклади, аммо айтгани бўлмагач, руҳий босим ўтказишга уринди.

— Қизинг ўша йигитга ҳеч қачон эрга тега олмайди, — деди у тўй санаси яқинлаша бошлагач. — Мана кўрасан, тўйни бузаман. Йигитларга айтаман, эртага тўй деган куни қизингни олиб кетишади ва шармандасини чиқаришади.

Бу гапларни аёлнинг кенжа ўғли Сарвар ҳам эшитиб турганди. Ҳақорат ва таҳқирлашларга чидай олмаган ўсмир ўгай отага ташланди, аммо кучи етмади. Акаси Санжар уйга келгач, бу ҳақда унга маслаҳат солди.

— Сен аралашма, бу аблаҳнинг танобини ўзим тортиб қўяман, — деди Санжар. — У синглимга зиён етказа олмайди.

Ўша куни танишининг тўйига бориб, ширакайф ҳолда қайтган Санжар ярим тунда ўгай отасига қўнғироқ қилди. У шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида экан. Санжар ўша меҳмонхонага бориб, айтилган хонага кирди. Отаси яна бир нотаниш йигит ва аёл билан улфатчилик қилиб ўтирганди.

Санжар ўгай отасига ҳамма муносабатларни тўлиқ тугатмоқчи эканлигини айтиб, оиласини тинч қўйишини талаб қилди. Аммо Фозил шериклари олдида уни масхара қилиб, онасининг 35 миллион сўм қарзи борлиги, ана шу пулни тўласа тинч қўйишини айтди. Ўртада жанжал келиб чиқди. Бундан меҳмонхона ишчилари хабар топиб, ИИБ ходимларини чақирди. Улар безорини ички ишлар таянч пунктига олиб кетиб, тегишли тушунтириш ўтказгач, қўйиб юборди.

Соат тонгги 4:00. Ҳаммаёқ жим жит. Ғазаби қайнаётган Санжар уйга келиб, ошхона пичоғини олди ва яна меҳмонхонага жўнади. У орқа деразадан иккинчи қаватга яширинча кириб, таниш хона эшигини тақиллатди. Бироздан сўнг эшикдан ўгай отаси мўралади. Фозилнинг чиқишини кутиб турган йигит дарҳол унинг бош ва қорин қисмига бир неча маротаба пичоқ санчиб ташқарига қочди ва тўппа-тўғри прокуратурага қараб йўл олди.

Фозилнинг инграшидан уйғониб кетган таниши ҳамда тунни улар билан ўтказган енгилтак аёл (бир киши учун банд қилинган хонага уларнинг қандай келиб қолгани алоҳида мавзу) коридорга югуриб, бақиришди. Шовқин-сурондан уйғониб кетган меҳмонхона ишчилари етиб келиб, тез ёрдам ва ИИБ ходимларини чақирди. Аммо бу пайтда Фозил Жалилов ҳаётдан кўз юмганди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судида Санжар Бердиев томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан 13 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қотил-ку қонуний жазосини олди, аммо ана шу жиноятнинг содир этилишига замин яратган ҳолат кишини ташвишга солади. Бир аёл ва эркакнинг шайтоний нафс измига тушиб, енгил-елпи орзу-истаклари йўлида ўз оиласига қилган хиёнати, фахш ва зино ботқоғига ботиши ана шу воқеаларга сабаб бўлган аслида. Зотан, ота-онадан на меҳр кўрган, на ҳалоллик, на оқибатлиликни, на инсонийликни ўрганган, умри оилавий низолар, уруш-жанжаллар ичида ўтган боланинг қўлидан жиноятдан бошқа нима ҳам келарди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!