Филиппинда пиёз нархи рекорд даража — 13 долларга қимматлашди

Филиппинда пиёз нархи рекорд даража — 13 долларга қимматлашди

Филиппинда пиёз нархи рекорд даражага етди. Сабзавотлар нархи шунчалик ошдики, кўпчилик уни олтин билан солиштирмоқда, дея хабар беради Тhе Guardian.

Филиппин ошхонасининг асосий таркибий қисми бўлган пиёз нархи гўштдан қимматроқ бўлди. Бир килограмм пиёз 700 песога ёки тахминан 13 АҚШ долларига қимматлашди.

Маҳаллий ресторанларда пиёз ва пиёз қўшилган таомлар йўқлиги ҳақида огоҳлантирувчи эълонлар осиб қўйилган.

Филиппин расмийлари сайёҳларни махсус рухсатномасиз пиёз олиб юрмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.

Филиппин расмийлари ўтган йили 500-600 миллион песо (9-11 миллион доллар) қийматидаги пиёзни мусодара қилган, дея хабар беради маҳаллий матбуот. Ноқонуний пиёз ҳажми мамлакатдаги барча контрабанда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 30 фоизини ташкил қилган.

Шу ҳафта мамлакат президенти Фердинанд Маркос мамлакатдаги озиқ-овқат инфляциясини фавқулодда ҳолат деб атади.

«Пиёз нархининг ошиши декабр ойида рекорд даражага етди», - дейди Атенео де Манила университети профессори Леонардо Ланзона.

Декабр ойи охирида бир килограмм пиёз 720 песога (13 доллар) етди, бу мегаполисдаги энг кам кунлик иш ҳақидан (533-570 песо) ошиб кетди. Ўшандан бери нархлар тушди, лекин бир килограмм пиёз ҳали ҳам бутун товуқдан қимматроқ.

Нафақат пиёз нархи ошди. Тухум нархи ҳам ошди, мамлакатда шакар танқислиги юзага келди.

Мутахассислар пиёз инқирозининг турли сабабларини тилга олишади: совуқ омборнинг етишмаслиги, пандемиядан кейин талабнинг ортиши, контрабанда ва табиий офатларнинг таъсири.

«Менимча, бу муаммони ҳал қилишнинг энг яхши йўли фермерларга бевосита истеъмолчилар билан ишлаш имконини беришдир», - деди профессор Ланзона.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат фермерларни бозорга чиқиш учун технологиялар билан таъминлашга эътибор қаратиши керак.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!