Фермерларни сўккан Тошлоқ туман ҳокимига ҳайфсан берилди

Фермерларни сўккан Тошлоқ туман ҳокимига ҳайфсан берилди

Ижтимоий тармоқларда Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан ўрганиш ўтказилди ва унга ҳайфсан берилди.

Ўрганиш натижалари юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

Ўрганиш давомида Тошлоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувнинг ҳақиқатдан туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга оидлиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқотнинг ўтган 2021 йил кузида пахта етказиб бериш мажбуриятларини бажармаётган фермер хўжаликлари билан Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг «Эхпо Коллор Прин Текс» пахта-тўқимачилик кластери раҳбари сифатидаги муҳокамаси чоғида юз бергани маълум бўлди.

Кластер томонидан пахта мавсуми давомида учун қилинган турли харажатлар ҳамда тўловлар ҳисобига фермер хўжаликларининг катта миқдорда қарздорлиги мавжуд бўлгани ҳамда далада пахта мавжуд бўлишига қарамай баъзи фермерлар уни териб топшириш ҳисобига қарздорликни сўндиришга ҳаракат қилмаётгани Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг этикага мос бўлмаган ҳақоратли иборалардан фойдаланишига сабаб бўлгани тасдиқланган.

«Вилоят ҳокимлиги томонидан зўравонлик, сўкинғочлик сиёсати эски даврда қолгани, ҳеч ким бировни ҳақоратлашга, шахсиятига тегишга ҳаққи йўқлиги, раҳбар ҳар ишни қонун доирасида бажариши кераклиги лозимлиги, бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шартлиги қайд этилади.

Тарқалган аудиоёзувдаги ҳолат бир йил олдин бўлиб ўтган бўлганига, Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг ундаги иштироки «Эхпо Коллор Прин Текс» пахта-тўқимачилик кластери раҳбари сифатида бўлишига қарамай, айни пайтда туман ҳокими бўлиб турган раҳбарнинг бундай муомаласи давлат хизматчиси этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланди. Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевга «ҳайфсан» эълон қилинди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йил 26-центабр куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича» доимий комиссиясининг вилоятдаги шаҳар ва туманлар ҳокимлари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида ҳам ҳокимларга иш фаолиятида муомала маданиятига янада қатъий риоя қилиш, ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслик, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик юзасидан масъулиятлари қайта кўрсатиб ўтилгани билдирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!