Фермер ва деҳқон меҳнати қадр топадими? Ёхуд бир бурда нон баҳоси

Фермер ва деҳқон меҳнати қадр топадими?  Ёхуд бир бурда нон баҳоси

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг "Бир бурда нон" деб номланган шеърида шундай мисралар бор: "Мўйсафид йўл узра бир бурда нонни тупроқ орасида кўрди-ю, ногоҳ аста қўлига олди, ўпди, бу онни "шиқ" этиб суратга туширди сайёҳ". Ҳа, бизнинг халқимиз ердан ушоқ топса ҳам эъзозлаб кўзига сурадиган халқ. Чунки биз очлик, юпунлик заҳматини тортган аждодларнинг авлодимиз. Бир бўлак қора кепак нон вақти келганида энг юксак нархларда сотиб олинганлигини, шу бурда нон учун деҳқон қанчалар кўп тер тўкишини яхши биламиз.

Гапни олис ва машаққатли йиллар қаъридан бошлашдан мақсадингиз нима дерсиз... Гап шундаки...

Йиллар давомида озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаси сифатида давлат томонидан бошқариб келинди.

Бу эса ўз навбатида фермер хўжаликлари етиштирган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилинишига олиб келди. Натижада фермер ғалла етиштириш жараёнига қизиқмай қўйди. Ахир ҳамма нарса аввало манфаатдорликка бориб тақалади-ку... Шу боис аҳолини арзон нон ва ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида хўжаликлардан арзон нархларда сотиб олинган ғалладан ишлаб чиқарилган уннинг бир қисми амалда аҳолининг барча қатламларига етиб бормади. Яъни манзилли ижтимоий ҳимоя учун ажратилган нон ва ун маҳсулотлари ўз манзилига етиб бормади ҳамда бозор нархларида сотилиб кетди.

Тўғри, барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам бир қатор ютуқларга эришилди. Жумладан, жорий йилда республикамиз фермерлари томонидан 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди.

Ўртача ҳосилдорлик гектаридан 70 центнердан ошишига эришилди. Шунингдек, давлат ресурсларига қўшимча 532 минг тонна ғалла қабул қилинди. Фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб ўз меҳнати самарасини кўрди. Лекин ишлаб чиқарилаётган биринчи навли уннинг бир килограмми ҳукумат томонидан 1400 сўм қилиб белгилаб қўйилди.

Ушбу нарх ғалланинг ўртача нархидан ҳам пастдир. Бу эса дон корхоналарида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бозор механизми йўлга қўйилмаганлигидан дарак беради. Бу жараёнда узоқ муддатли стратегия йўқ, маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи ўртасида тизимли занжир яратилмаган. Ўз-ўзидан маълумки, бунинг оқибатида ғалла етиштирувчи 40 мингга якин фермер хўжаликларида ишлаётган 20 мингдан ортиқ ишчи ва хизматчилар ўз ҳосилидан топаётган даромадидан мамнун эмас.

Ахир эрта баҳорда эзгу ниятлар билан тупроққа дон сочаётган ҳар бир деҳқон "буромади", яъни харажати ва меҳнатига яраша даромад кўрсам дейди. Кўнгилдагидек самарага эришган одамнинг эса боши осмон, қадди тик ва орзу ва режалари бир олам булади.

Фарғоналик фермерларимиздан бирининг айтишича, сўнгги икки йил мобайнида пахта ва ғалла етиштиришда фойдаланиладиган асосий моддий ресурслар, жумладан, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари биржа савдолари орқали эркин нархларда сотилиши, барча хизматлар шартномавий тарифларда амалга оширилишига қарамасдан ғалланинг харид нархи белгилаб қўйилганлиги ғалла ва ун маҳсулотининг ҳақиқий бозор нархини шакллантириш имконини бермаяпти. Бир сўз билан айтганда, заҳматкаш деҳқон ва фермерларимиз меҳнатлари қадр топишини, тўғри баҳоланишини исташмокда. Айтиб ўтиш лозимки, нархларнинг улар айтгандек эркинлаштирилиши бозордаги дон ва ун нархининг ошишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида эҳтиёжманд аҳолининг харажатлари ошишига олиб келади.

Куръони каримнинг “Нур” сураси 114-оятида шундай дейилган: "Бас, Аллоҳ сизга ризқ килиб берган нарсалардан ҳалол, пок холида енг. Ва агар унга ибодат килсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг". Бир қарашда тўкин дастурхонимизга файз бағишлаб турган нон ва ун маҳсулотлари жуда серобдек туюлади. Бироқ бу фаровонлик, тўкинлик туну кун тиним билмай ғалла етиштирган деҳқонбобонинг ҳалол меҳнати туфайли бунёд бўлмокда. Ва бу меҳнат бугунги бозор иқтисоди шароитида адолатли баҳоланиши деҳқон ва фермерларимизга ўзгача шижоат бағишлаши аниқ.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!