«Феодал Месси» ёхуд ўзбек футболи ҳақидаги латифа

«Феодал Месси» ёхуд ўзбек футболи ҳақидаги латифа

Яқинда БМТнинг расмий саҳифаси ғалати бир твит ёзибди. «Эркаклар ва аёллар спортида тенг ҳақ тўлашни талаб қилувчи кампаниямизга қўшилинг», дейилади БМТ чақириғида. 

Францияда ўтказиладиган аёллар жаҳон чемпионатида дискриминация мавжудлиги эслатилган. Ушбу чақириққа Лионель Месси мисолида футболдаги эркак ва аёлларнинг ойлик маошларида фарқни ифодаловчи сурат ҳам илова қилинган бўлиб, унда «Барселона» сардорининг жами даромади дунёнинг етакчи лигаларида тўп сурувчи 1 минг 693 нафар аёл футболчи маошидан икки баробар катталиги кўрсатилган. 

Бу солиштирувнинг «ғалати»лиги шундаки, масала, тенгсизлик эмас, Месси ва аёлларга тўланаётган маошларнинг манбаидир. Яъни футболчининг маоши у яратаётган маҳсулотдан ҳосил бўлади.

Бир пайтлар «Сантос» Европа бўйлаб ҳар хил турнеларга чиқарди ва машҳур клублар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказарди. Келишувнинг молиявий шартларида масалан, Пеленинг майдонга тушиши кўрсатиб ўтилади, агар у қатнашмайдиган бўлса, ўйин учун тўланадиган сумма миқдори камаярди. Сабаби шундаки, томошабинлар ҳам асосан Пелени томоша қилиш учун келишади, чипта нархларига ҳам Пеленинг бўлиши ёки бўлмаслиги таъсир ўтказади. Бу голлар ва совринлардан ташқари, Пеленинг «Сантос»га олиб келаётган молиявий фойдаси ва табиийки, футболчининг маоши ҳам бу даромадлар эвазига янада ошиши мумкин.

Ҳозирда ҳаммаси бу қадар содда эмас, лекин Месси туфайли клуб ҳам, Ла Лига ҳам, Аргентина терма жамоаси ҳам, УЕФА ёки ФИФА ҳам даромад қилиши турган гап. Эркаклар футболи маҳсулот сифатида жуда катта нархларда сотилади – стадионда, трансляцияларда катта пуллар оқиб келади, табиийки, бунинг натижасида эркак футболчиларнинг маоши аёлларникидан баланд бўлиши табиий. Қачондир аёллар футболида ҳам катта пуллар айлана бошласа, ФИФА ёки УЕФА бу мусобақаларда ҳам катта пуллар топа бошласа, ўз ўзидан қизларнинг даромади ҳам ошиши муқаррар.

Трансферлар борасида ҳам шунақа: 80-йилларда Диего Марадона 7,5 миллион долларга «Барселона»дан «Наполи»га трансфер қилинган ва бу ўша пайт учун рекорд бўлганди. Бугунги рекорд бундан бир неча баробар катта, лекин бу фақат бирор инфляция ёки футбол харажатлари ошиб кетганини англатмайди.

2016 йилда Погба навбатдаги жаҳон рекорди ўлароқ, 89 миллион фунт эвазига «Ювентус»дан «МЮ»га ўтганида, бир жиҳатда эътибор қаратилган. Ўша трансфер қиймати манчестерликлар умумий даромадининг 29 фоизини ташкил қилган, холос. Худди шу нисбатда олганда, 2003 йилда Рио Фердинанднинг 35 миллионлик трансфери клубга даромадига нисбатан «қимматроққа» тушган экан. 

Бу шуни англатадики, дунё футболида маошлар, харажатларнинг ҳаммаси даромадга боғлиқ бўлиб, пропорционал равишда ўсиб бормоқда. Футболчиларнинг бой бадавлат бўлиб кетишлари ҳам, ушбу соҳага катта пуллар кириб келгани, аниқроғи, бу соҳа яратаётган маҳсулотларнинг нархи ўсиб бораётганидир.

Бу мавзуни тилга олганимнинг сабаби, ўзбек футболидаги маошлар қайси манбадан ҳисобланиши, қайси кўрсаткичларга пропорционал ҳосил бўлишига эътибор қаратишни истардим.

Агар футболчининг одатий равишда йил бошида оладиган «кўтарма пули», маоши ва мукофот пулларини ҳисобга олсак, суперлигадаги ўртамиёна футболчи тахминан 10 миллион атрофида даромад қилади, дейиш мумкин. Бу Ўзбекистон шароитида оддий халққа нисбатан бир неча баробар кўп, шундай эмасми? Бировнинг пулини санаш, нотўғри, қачонки, агар у ўша пулни мустақил даромад қилиб топаётган бўлса... Мен бу ерда алоҳида футболчини олмайман, умуман ўзбек футболи ўз соҳасида футболчиларга шунчадан маош тўлайдиган даражада даромад қиляптими?

Икки хил ойлик бор: бюджет ва хусусий сектор. Халқ таълими ёки соғломлаштириш давлатнинг, бошқача айтганда, солиқ тўловчиларнинг бўйнида, шунинг учун врач ёки ўқитувчининг маошини бюджет тўлайди. Буни биламиз. Врачнинг ёки ўқитувчининг халққа келтираётган нафи қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада, қандайдир фойда ёки зарар ўлчовига киритиб бўлмайди. Давлат адолат ва инсоф доирасида шу ва яна бошқа бюджет соҳаларига маош белгилайди. Розимиз.

Кейинги хусусий соҳада эса, ойликни корхона раҳбари белгилайди. Ойлик албатта, ўша корхонанинг даромадига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши шарт.

Тасаввур қилинг, сиз бир ишлаб чиқариш корхонаси раҳбарисиз. Ўн ишчингиз билан бир ойда 10 миллионлик маҳсулот ишлаб чиқарасиз ва уни сотасиз. 10 миллионга. Энди, ўша ўн нафар ишчининг ҳар бирига 2 миллиондан ойлик бера оласизми? Яъни бир ойда маош учун 20 миллион сарфлашингизга тўғри келади. Ҳар ой 10 миллион даромад, 20 миллион маош. Агар сиз мана тарзда ишласангиз, тез кунда банкрот бўласиз. Демак, хусусий сектордаги маошлар корхона рентабеллигига боғлиқ бўлади.

Энди савол туғилади, футбол соҳасида, футболчилар қайси соҳага кирадилар? Бюджетми ёки хўжалик сектори? Агар бюджет бўлса, футболчининг бир йилдаги меҳнати ўқитувчи ёки врачникидан беш баробар кўп бўлиши ақлга сиғадими? Агар хўжалик сектори деб қабул қилсак, футбол клубларимиз футболчиларга ойига 10-15 миллион маош тўлай оладиган қадар даромад қила оляптиларми? Хўш, бу суммалар, умуман бир яхши футболчига неча пул тўлаш кераклиги қайси қонуният асосида пайдо бўлган? Асослими?

Парадокс шундаки, Европада маошлар ва харажатлар даромаддан келиб чиқиб, режалаштирилса, бизда аввал харажатлар смета қилинади ва шундан келиб чиқиб, пул ахтариш бошланади.

Спортчиларнинг оддий халқдан кўра кўпроқ пул топишини оддий қабул қилишимизнинг сабаби аслида, ноўрин таққослашдан келиб чиқади. Бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганимизнинг ҳам сабаби шу ерда. Ҳамма ерда шунақа, деб Европадаги футболчиларнинг ақл бовар қилмас маошлари ҳақида ўйлаб қоламиз ва ҳаммаси нормал деб кетаверамиз. Ҳатто футболчиларимизнинг савияси танқид остига олинганда, баъзи «футболни яхши тушунадиган» мутахассисларимиз европалик футболчилар даромадини пеш қилганини ва Мессидан минг баробар кам ойлик олаётган футболчиларимиз савияси Мессидан сезиларли паст бўлишини нормал баҳолаганликларини эшитганман.

Ростан ҳам Месси бир ҳафтада олий лигамизда тўп сураётган ўша 500га яқин футболчининг бир ойда топадиган жами даромадидан кўп маош олади. Фарқ, даҳшат-а? Терма жамоамиз омади келиб қолса, ўша Месси тўп сурадиган Аргентинани 0:0 ҳисобида «ғажиб ташлашиям» мумкин. Шуни назарда тутсак, футболчиларимиз анча кам пул топаётганга ўхшаб қолади. Ва ўша 10 миллион ҳақида гапирганда, Месси билан солиштирамиз, ўқитувчи билан эмас. Хўп, деб кетаверамиз. Ўқитувчи бўлиш осон, яхши футболчи бўлиш осон эмас. Иқтидор керак.

Шунақа деб кетаверамиз. Аслидачи? Аслида гап савиянинг ўзида эмас. Шартли «Локомотив» ва «Манчестер Юнайтед»да тўланаётган маошларнинг асосларида эканини юқорида ҳам айтдик.

Мессига ҳафтасига фалон минг евро маош тўлаётган «Барселона» ўша ҳафтада бу суммадан бир неча баробар катта пул топади. Умуман, Европа клублари ҳар ҳафта футбол ишлаб чиқаради ва уни сотади. Футболни футболчилар, мураббийлар, персонал ва бошқалар ишлаб чиқаради. Мухлислар, телетомошабинлар сотиб олади. Ўша футболфуруштликдан келиб тушган пулга қараб маош белгиланади. Яъни Мессига тўланаётган пулнинг ортида асос бор. «Аякс» сотаётган футбол арзонроқ, демак, «Аякс» футболчиларига камроқ пул тўлайди. Ҳаммаси боғланган.

Хўш, «Локомотив» ёки «Насаф» ёки бошқа бир футбол клубимиз футболни неч пулдан сотишмоқда-ю, уни ишлаб чиқараётган футболчиларига унинг қанча қисмини бермоқда? Тўғри, бояги корхона мисолида айтадиган бўлсак, ишлаб чиқаришни ривожлантириб, товарни рақобатбардош қилиб олгунча, баъзида, даромаддан кўра каттароқ харажат қилиниши нормал ҳолат. Аммо бу вақтинча бўлади, ҳамда товар нархини ошириш ёки харажатни камайтиришга йўналтирилган тизимда ишланади. Йилдан-йилга аҳвол ўнгланиб қолади. Биздачи?

Футболчиларнинг ойлиги камайиб кетса, рағбат бўлмаса, футболга бўлган қизиқиш ўлади, яхши футболчилар чиқмай қўяди, дейишингиз ҳам мумкин. Йўқ.

Қаранг, 10 нафар боксчимиз олимпиадага борди ва 200 минг доллар ютиш имкониятига эга бўлди. Мана шу ўн нафардан ташқари, минглаб боксчилар бор. Улар футболчилар каби катта маош олишмайди. Уларда 200 минг ютиш имконияти ҳам бўлмади. Лекин ўша 10 нафар боксчи чиқди-ку? Бошқа боксчилар боксни ташлаб кетишмади-ку? Одил Аҳмедов ёки Виталий Денисов етишиб чиқиши учун яна 490 футболчига 5 миллиондан ойлик тўлаб юришга муҳтожмизми?

Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов бошқа ҳолатда ҳам етишиб чиққан бўларди. Ҳатто кўпроқ Аҳмедовлар етишиб чиқарди балки. Сабаби, Ўзбекистон чемпионати клубида тўп суриб юришдан фойда йўқ, ойлик кам, имкон қадар ўз устида ишлаб Россияга ёки бошқа чет элга кетишни ўз олдига мақсад қилади. Кўпроқ тер тўкади. Аксинча, кучли 490таликка кирволиб, ўқитувчидан беш баробар кўп ойликда тирикчиликни ўтказиб юриш варианти бўлмаса, Аҳмедовлар кўпаяди, деб ўйлайман.

Ҳожибой Тожибоевнинг машҳур латифаси бор-ку, бир чол барча фарзанд-невараларига катта меросларни тақсимлаб беради ва охирида «Эй худо, энди мен бунча пулни қаердан оламан?», деб нола қилади. БМТ ўша ҳолатга эътибор қаратгани билан, эртага, аёлларни Месси каби маош оладиган қилиб қўя олмайди, чунки БМТда ўшанча пул йўқ, тополмайди.

Аммо бизнинг латифамиздаги «чол» шунча пулни қаердан олиб беряпти, бу жуда муҳим, лекин ҳеч қачон жавоби топилмайдиган савол бўлса керак.

Қаҳрамон Асланов

Манба: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!