ФБРга чангютгич, будильник ва қабр тошларига камера ўрнатиш нега керак?

ФБРга чангютгич, будильник ва қабр тошларига камера ўрнатиш нега керак?

Open the Government фаоллар гуруҳи яқинда қўлга киритган брошюра нусхаси норозиликларга сабаб бўлмоқда. Уни АҚШ Федерал қидирув бюроси (Federal Bureau of Investigation, FBI; русчада – ФБР) учун кузатув камераларини етказиб берувчи Special Services Group компанияси чиқарган.

Мазкур брошюрада анчагина антиқа маълумотлар бор экан – камерасоз Федерал қидирув бюросига умуман кутилмаган жойларга кузатув камералари ўрнатишни таклиф этган. Энг ғалати таклифлардан бири – қабр тошига ўрнатилувчи камера бўлиб, у ҳақда мана бу ерда эълон қилинган брошюранинг 99-саҳифасида маълумот берилган.

“Tombstone Cam” (“Қабр тошидаги камера”) бу – қабристондан туриб яширин кузатув олиб боришга мўлжалланган энг янги қурилмадир, дейилади унда. Бунда тошнинг ўзи фақат ниқоб вазифасини ўташи, ёки камера билан биргаликда яхлит тизим сифатида хизмат қилиши мумкин. Бу тизим видео ва овозни ёзиб олишга қодир бўлиб, батареяси камеранинг икки кун ишлашига етарли қувватга эга. Камерали қабр тошини зарурат туғилганида бир жойдан бошқасига осонгина кўчириб ўрнатиш мумкин.

Бундан ташқари, Special Services Group брошюрасида чангютгич ва будильникларга, ҳатто ёш болаларга мўлжалланган автомобил ўриндиқларига ўрнатилувчи камералар тавсифлари берилган.

Булардан хабар топган Motherboard онлайн нашри изоҳ талаб қилиб Special Services Groupʼга мурожаат этди. Компания эса бунга жавобан, агар брошюрани ошкор этишса, нашрни судга беришини айтди, дейилади хабарда. Камерасоз компания вакиллари яна, бу каби маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаётини хавф остига қўйишини ҳам таъкидлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!