Фарғоналик қиз ИИБ ходимини “жиҳод”га чорлади

Фарғоналик қиз ИИБ ходимини “жиҳод”га чорлади

Бугун ижтимоий тармоқларсиз ҳаётимизни тасаввур этиш қийин. Улардан унумли фойдаланаётганлар жуда кўп. Кимгадир мулоқот майдони, яна кимгадир дастёр...

Афсуски, баъзи ёшларимиз тармоқдаги қармоққа илиниб, ёт ғоялар тарғиботи билан шуғулланмоқда. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи Карима Одилова (исм шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шулардан биридир.

Карима ҳали ҳаётнинг оқу қорасини танимаган, эндигина 22 ёшни қарши оляпти. Бир оиланинг бекаси бўлиш ўрнига нотўғри қадам босди. Диний қизиқиши туфайли “телеграм” тармоғида тақиқланган ақидапарастликни тарғиб қилувчи каналларга қўшилиб қолади. Бу қиз ижтимоий тармоқдаги “таниши”нинг кўрсатмалари асосида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тарқатиш билан шуғулланган. Оила аъзолари қизидаги ўзгаришларни сезса-да, бунга эътиборсиз бўлган.

У "Мужоҳид" номли аккаунт фойдаланувчисидан ички ишлар ходимига турмушга чиқиб, ўзига эргаштириб, у билан “жиҳод” қилиш топшириғини олади. К. Одилова ИИБ профилактика инспекторини Ю.О.ни телефон рақамини топиб, бир неча кун давомида унга турли диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, жиҳодга чорловчи материалларни жўнатган. Агарда уни фош қилса, инспектор ва унинг оиласига таҳдид мазмунидаги материалларни юборади. Тезкор тадбирлар натижасида мазкур материалларни юборган К. Одилова аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, бу қиз Фарғона политехника институти талабаси билан телеграм орқали танишиб, унга диний мазмундаги материалларни юборган ҳамда бир қатор топшириқларни берган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитанинг суд-адабиётшунослик экспертизаси хулосасига кўра, юборилган аудио, видео ва бошқа форматдаги материаллар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилиши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шу сабабли уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланиши кўрсатилган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан унга нисбатан тегишли моддалар билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, Жиноят Кодексининг 72-моддаси тартибида 3 йил синов муддати белгиланди.

Билиб-билмай нотўғри қўйилган қадамга ўз вақтида чора кўрилди. Бир навқирон ёшга жамиятдан ажратмаган ҳолда тузалишига имкон берилди. Агар бу ҳолат ўз вақтида аниқланмаганида қанчалаб одамлар сохта ақиданинг қурбонига айланарди.

Манба: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!