Фарғоналик фирибгар аёлга 9 марта ҳукм ўқилди

Фарғоналик фирибгар аёлга 9 марта ҳукм ўқилди

Фарғоналик Дилором Мирзаева фирибгарликни ўзига касб қилиб олганди, десак асло хато эмас. Нопок қилмишлари фош этилиб, бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган бу аёл афсуски ўзига тегишли хулосани чиқармаган. Аёл киши эканлиги, қарамоғида бир нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланганлиги ва бу унга берилган имконият эканлигини тушуниб етмаган. Ваҳоланки, суд, маҳалла ва яқинлари томонидан бу борада кўплаб тушунтиришлар берилган. Айтиб ўтиш жоизки, саккизинчи маротаба судланганда тайинланган икки йил бир ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақида тилхат қўлланилиб қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилган. Бир жиноятинининг жазо муддати якунланмай иккинчисига қўл уришдан қайтмаган бу аёл хавфли рецидивист эди.

У алдаш, ишончига кириш орқали кишиларга кўплаб миқдордаги моддий ва шунингдек маънавий зарар етказиб келган ва бу орқали топган даромадини ҳаром эканлигини била туриб асло йўлидан қайтмаган.

Кейинги пайтларда машина бозорида ҳам тез-тез кўринадиган бўлиб қолган Д.Мирзаева бу ернинг айни ўзи боп эканлигидан кўнгли яйрарди. Бозордаги сафдошларидан бирининг сотиладиган “Нексия” русумли автомашина борлиги ҳақидаги хабари уни қизиқтирди.машинанинг бозорга олиб келинмаганлиги ва ўртага одам қўйганлигидан билдики, машина эгасини ишончига кириш осон. Дарҳақиқат, шундай бўлди. Норин туман фуқароси бўлган Ориф Бойчаев билан ўрталаридаги савдолашув 4000 АҚШ доллорида тўхтади. Аммо харидор, яъни Д.Мирзаева пулнинг 900 доллорини бериши қолганини икки ойда етказишини айтди.

-Аммо мен қурилиш устидаман, уста айтиб қўйганман, пул зарур менга...

О. Бойчаевнинг бу эътирози “Сиз бемалол қўрқмасдан ишни бошлаб, усталарингизни айтаверинг, мен пулни етказиб келаман”, - деган гўё қатъий ва ишончли гап билан барҳам топди.

Қўлидаги 900$ билан катта қурилишга қўл уриб қўйган О. Бойчаев бир ҳафтадаёқ қарз олишга мажбур бўлди. Бу ҳам етмай қўшимчасига фоизга пул олиб харажат қилди. Унинг кўнглида “Икки ойда пулни олиб келса ҳаммасидан қутуламан-ку”, деган ишонч, умид барқарор эди.

Энди гапни Д. Мирзаевадан давом эттирадиган бўлсак, фирибгар аёл ишининг бароридан келганидан хурсанд (гарчи бу йўл қаерга олиб боришини билса-да), машинани сотиш илинжида харидор топиш билан банд эди. Ва харидор чиқди ҳам. Косонсойлик фуқаро Асқар Тўлановга 3.500 АҚШ доллорига сотилган машинанинг пулини нақд олган аёл қарзини тўлашни ҳаёлига ҳам келтирмади. Пулларни ўз ҳаражатлари йўлида ишлатиб юраверган.

Шу ўринда айрим шахслар томонидан эътиборсиз қолдириладиган бир жиҳатни айтиб ўтиш ўринли. Зотан, алал оқибат бу ўзларига нисбатан зарардир. Яъники, ҳужжатлаштириш масаласи.

О. Бойчаевдан олдинги шахснинг номида бўлган, юқоридаги “Нексия” автомашинасини тўртинчи қўл бўлган А. Тўланов Д. Мирзаевадан ҳужжатлаштириб беришини талаб қилади. Аммо у ҳам уловнинг пулини бериб бўлгандан кейин бу нарсага эътибор қаратган. Сотиш ҳуқуқи билан ишончнома асосида О.Бойчаевга сотилган “Нексия” аслида Норин туман фуқароси Жамил Носировнинг номида эди. А. Тўланов масаланинг охирига етиш мақсадида Ж. Носировнинг олдига бориб вазиятни тушунтиради. Ж. Носиров эса машинани О. Бойчаевга сотгани ва унга нотариус орқали сотиш ҳуқуқи билан ишончнома қилиб берганини айтиб шу ернинг ўзида у билан боғланади. О. Бойчаев машинанинг пулини ҳали тўлиқ олмагани, машинани сотиб олган аёл пулларини тўла берса кейин расмийлаштириш лозимлигини айтади, тўғрироғи илтимос қилади. Шундан сўнг у Д. Мирзаева томонидан алдаб кетилганини англаб бир неча маротаба машинани қайтариш учун А. Тўлановнинг уйига боради. Ўз навбатида А. Тўланов машинани машинани баҳоланган пулини тўлиқ тўлаб сотиб олганлигини, уни бермаслигини айтади.

Кўриб турганингиздек, машина расман бошқа бировники, бошқа биров сотиб олгану ҳажжати йўқ, ўртада яна бир шахс саргардон афсуски. Тарозига солинса уларнинг ҳар бирида муаммо тенгдирки, ҳар қандай олди-сотди масалаларида буни эътиборга олиш айни зарурат ва лоқайдлик қилмаслик шарт бўлган жиҳат. 

Хуллас, орадан ўтаётган муддат, нечалаб ойлар бир фуқарони катта миқдорда қарзга ботириб борар (О. Бойчаев фоизга қарз олганди), бир фуқаро эса 3.500$га машина сотиб олиб кўчага миниб чиқолмасди. Тоқати тоқ бўлган О.Бойчаев ўзи берган манзил билан Д. Мирзаевани қидириб унинг маҳалласига келади, аммо у ердан уни тополмайди. Маҳалла идорасига кириб суриштирганда эса бу ерда бундай аёл яшамаслигини айтишади.

О. Бойчаевнинг ИИБга қилган аризаси орқали кирдикорлари фош бўлган Д. Мирзаева аслида жазо муддатида эди. Аммо у яна жиноятга қўл урган.

Суд ишни кўриш ва жазо тайинлашда бу жиҳатларни ҳам эътиборга олади. Ҳар томонлама ўрганилган суд иши якунида Д. Мирзаева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди.   

“Нексия”нинг расман эгаси Ж. Носировнинг уни ҳақиқатдан О.Бойчаевга сотганлиги,  нотариус орқали сотиш ва бошқариш ҳуқуқи билан ишончнома орқали унга ўтказилганлиги ва машинанинг эгаси у эканлигини айтиб берган кўрсатмасига асосан “Нексия” русумли низоли машина О. Бойчаевга қайтарилди. А. Тўлановнинг 3.500 АҚШ доллори миқдоридаги пулларини Д. Мирзаевадан ундириш ҳақида тушунтирилди. Ойдек равшанки, А. Тўлановнинг олди-сотдида ҳужжатга бепарво бўлганлиги катта зарар, инчунун пулни ундириб олгунига қадар бўладиган сарсонгарчиликларга сабабчи бўлди. Холбуки, 3.500$  озгина пул эмас ва осонлик билан топилган ҳам эмас.Жиноятчи жазосини олди. Унинг домига тушиб қолганлар кечмиши эса ўзгаларга сабоқ бўлгулик.   

Акрамжон Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 катта консультанти


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!