Фарғоналик аёллар ибрат бўлмоғи лозим

Фарғоналик аёллар ибрат бўлмоғи лозим

Вилоят “Тадбиркорлар маркази”да вилоят хотин-қизлар қўмитасининг Y-ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини  мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан таколмиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ижросини таъминлаш борасида хотин-қизлар қўмиталари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари, туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, Фарғона вилоятининг фаол аёллари, депутатлар қатнашдилар. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова олиб борди.

V-ҳисобот-сайлов конференциясида вилоят хотин-қизлар қўмитасининг ҳисоботини қўмита бошқарув аъзоси Хадича Каримова ўқиб эшиттирди.

Жорий йил давомида мутасадди идоралар ҳамкорлигида 737 мингтадан ортиқ хонадонларга кирилиб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди. 84 мингдан ортиқ муаммолар аниқланиб, уларнинг 77 мингдан ортиғи жойларнинг ўзида бартараф этилди.

2018 йилда 310 нафар турар-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган опа-сингилларимизга уйлар берилди. 5325 нафар хотин-қизлар эса махсус дастур асосида иш билан таъминланди.

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 42865 нафар аёлларнинг иш билан таъминланишига эришилди. 120 та тикув цехлари ишга туширилиб, 1348 та янги иш ўрни яратилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 2316 нафар хотин-қизларга 133 миллиард 780 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Лекин олиб борилаётган ишларга қарамай, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 2592 та ажрим қайд этилди, дейилди анжуман ҳисоботида. Оилавий ажримлар оқибатида 1661 нафардан ортиқ вояга етмаган болаларнинг тўлиқ бўлмаган оила фарзандига айланганлиги барчани жиддий ташвишга солади.

Ўтган йилларга нисбатан бу йил аёллар ўртасида содир этилган жиноятлар сони камайган бўлса-да, Фарғона ва Қўқон шаҳарлари, Фарғона туманида салбий ҳолатлар юқорилигача қолмоқда.

Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири Робахон Маҳмудова, “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова, Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Дилбархон Мамажонова, ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи ўринбосари Азимжон Йўлдошев, “Тадбиркор аёл”  Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Фарғона вилояти бўлинмаси раҳбари Дилором Меҳмоновалар сўз олдилар.

Ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилий масала кўрилди. Шу кунгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари вазифасида фаолият олиб бораётган Дилафрўз Қосимова Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитасининг раиси лавозимига сайланди.

Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитасининг V-конференцияси қарори қабул қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзилла Норбоева, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этдилар ва сўзга чиқишди.

Manba: haqiqat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!