Фарғонада юзга яқин алимент тўловчилар маъмурий қамоққа олинди

Фарғонада юзга яқин алимент тўловчилар  маъмурий қамоққа олинди

Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси томонидан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун пул тўламаётган юзлаб фуқароларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш масаласини кўриб чиқиш учун тўпланган ҳужжатлар судларга тақдим қилинди. Бу ҳақда ишончли манбамиз хабар берди.

Мисол учун, Бувайда туманида яшовчи А.А. ўз фарзанди учун 3 йилдан ортиқ муддат давомида 12 млн. сўм алимент пулларини тўламаган, давлат ижрочисининг бир неча маротаба огоҳлантиришларига қарамасдан тўлашдан бўйин товлаб келган. Суднинг 2019 йил 15 январдаги қарори билан А.А.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу каби, Бувайда туманида яшовчи фуқаро Э.Р. 4 млн. сўм, Фурқат туманида яшовчи А.Ю. 3,9 млн. сўм, Д.Д. 5,1 млн. сўм, Тошлоқ туманида яшовчи Н.У. 3,7 млн. сўм алимент пулларини ўз вақтида тўланмаганликлари учун маъмурий қамоққа олиндилар.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474‑моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Юқоридаги фуқаролар энди қамоқда вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлашни 15 кун муддатда яхшилаб ўйлаб кўради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!