Фарғонада “Ўзбекистон-Тожикистон ёшлар форуми” бошланди

Фарғонада “Ўзбекистон-Тожикистон ёшлар форуми” бошланди

Фарғона вилоятида “Ўзбекистон-Тожикистон ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда. Тадбир иштирокчилари Марғилон темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

Тожик ва ўзбек халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради. Бу икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари жадаллик билан ривожланиб стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Бугунги кунда барча соҳаларда ҳамкорлик йўл қўйилиб, дўстона алоқалар янада мустаҳкамланди. Мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад икки давлат ёшлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ижтимоий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, минтақадаги интеллектуал салоҳиятли ёшларни бирлаштириш ва ахборот технологиялари йўналишида тажриба алмашишдан иборатдир. Унда ёшлар сиёсатига масъул давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, халқаро даражадаги ёш шахматчилар ва гроссмейстерлар, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасининг ёш мутахассислари иштирок этмоқда.

Тожикистонлик ёшлар Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида бўлиб, у ерда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда иш жараёни билан танишди. Миллий матоларимиз уларда катта таассурот қолдирди.

-Менга Ўзбекистон жуда ҳам ёқди, айниқса, Фарғонадаги Ҳунармандлар марказига кириб борганимда у ердаги ранглар жилоси, Тожикистоннинг Хўжандини эслатди, -дейди Гулзамина Бобокалонова.- Биз Марказий Осиё ёшларини бирлаштирадиган умумий урф-одат, анъаналар борлигини такрор ҳис қилдим. Мен Ўзбекистон ёшларига ҳавас қилдим, уларнинг шижоати, аҳди қатъий. Ўзбек диёрига яна келишни ва тенгдошларим билан кўпроқ фикр алмашишни истардим.

Рақамли технологиялар маркази фаолияти билан таннишув ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Фарғоналик ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ишланмалари тақдимот қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!