Фарғонада тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Фарғонада тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғида чақирувга борган тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.

3 август куни Олтиариқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Полосон шаҳарчасидаги тез тиббий ёрдам бригадаси шифокори Шуҳрат Сирожиддинов чақирувга борган вақтидакалтакланган эди.

4 август куни юз берган воқеа юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тезкор ўрганиш ишларини олиб борганини маълум қилди. Вазирлик ахборотига кўра, 3 август куни соат Полосон қишлоғи, Мозортаги кўчаси, 50-уйдан келиб тушган мурожаат бўйича чақирувга борган навбатчи врач Ш.Сирожиддинов тез тиббий ёрдам машинасидан тушиб беморни кўриш учун шошиб кириб кетаётган пайтида беморнинг набираси шифокорни ҳақорат қилиб, бесабаб дўппослаган. Врач Ш.Сирожиддинов бош ва қулоғи аралаш бехосдан тушган кучли зарбадан оғир мия жароҳати олиши ҳисобига ҳушидан кетиб йиқилган.

Ш.Сирожиддинов Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдами бўлимига «Оғир мия жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ супраси атрофи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ пардасининг йиртилиши» ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилингани қайд этилган эди.

Вилоят ИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра,  мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғи, Мозортаги кўчаси, 50-уйда истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган фуқаро М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахс уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!