Фарғонада сабзавот етиштирувчи фермерларни пахта теримига мажбурий жалб этишнинг олди олинди

Фарғонада сабзавот етиштирувчи фермерларни пахта теримига мажбурий жалб этишнинг олди олинди

Фарғона вилояти, Учкўприк тумани ҳокимлигининг Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси С.Шукруллаев пахта терими муносабати билан туман ҳудудидаги сабзавот етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига ҳар гектар ер майдони учун бир нафардан теримчи топиб бериш шартини қўйгани аниқланди. Бу ҳақда «Kun.uz»га Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Фарғона вилояти прокуратурасига Учкўприк туманидаги «Қорабоев Валижон Барнохон» сабзавотчиликка ихтисослашган  фермер хўжалиги ишчиси С.Валиев томонидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра, туман ҳокимлиги вакили Шукруллаев туман мансабдор шахсларининг аниқ кўрсатмалари бўлмаган ҳолда, фермерликлар вакилларига қўнғироқ қилиб, фермерлар ҳар гектар майдони ҳисобига бир нафардан теримчи жалб этиши ҳақида топшириқ бўлганини айтган.

Фарғона вилояти прокуратураси мазкур ҳолатга эътибор қаратган ва қисқа вақт ичида тегишли чора кўрилган.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг 52-сонли буйруғига асосан фермерларга асоссиз талаб қўйган Шукруллаевга нисбатан «ҳайфсан» интизомий чораси берилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг 30.08.2018 йилги 703-сонли Қарори 2-бандида пахта-йиғим теримида иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлганда туман ҳокимликлари ва туман фермер кенгашларининг буюртмаларига асосан бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан қўшимча теримчилар ихтиёрий равишда жалб этилиши белгиланган.

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!