Фарғонада ИИБда ишлашини айтган эркак хавфли рецидивист бўлиб чиқди

Фарғонада ИИБда ишлашини айтган эркак хавфли рецидивист бўлиб чиқди

Бирор касб ёки ҳунарнинг устаси ҳақида эшитганмиз. Аммо фирибгарликнинг устамони ҳам бор экан.

Фарғона шаҳрида яшовчи Муҳиддин Маҳмудов ана шундайлар тоифасидан. 31 ёшли бу йигит ҳаётда бирорта ишнинг этагини тутиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишни ўрнига одамларни алдаб, чув тушириш йўлини танлади. Фирибгарлик жиноятини содир этгани учун олти марта судланган бўлса-да уни “касаллик” асло тарк этмаган кўринади.

У ўзини ички ишлар органларида ишловчи ходим сифатида таништириб, ўзгаларнинг мулкига эга чиқмоқчи бўлди. М.Маҳмудов хавфли рецидивист бўлгани ҳолда 2020 йил октябрь ойи бошларида Ё.Мусаевани уйга муҳтож эканлигидан хабар топади. Унга Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан бериладиган ижозат қоғози (ордер)га асосан давлат захирасидан ажратиладиган уйлардан бирини беришни айтиб, 8 миллион 900 минг сўм миқдоридаги пулларини қўлга киритган. Яна бир уйга мухтож бўлган М.Мусаева ҳам унинг ваъдаларига учиб, фирибгарга 4 миллион 800 минг сўм пулни бериб юборди.

Ҳали бу ҳолваси экан. 2020 йил декабрь ойи ўрталарида Қувасой шаҳар Валик маҳалласида яшовчи С.Собитхоновнинг уйига бориб, ўзини Фарғона вилоят ИИБ Терроризмга қарши курашиш бўлимида ишловчи “Тошматов Зуҳриддин” деб таништиради. Унинг оила аъзолари ИИБ назоратида эканлигини, улар билан суҳбат ўтказиши лозимлигини айтиб, жараён давомида С.Собитхоновга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган отаси О.Маҳмудовни пул эвазига Тошкент шаҳридаги Чуқурсой руҳий касалликлар шифохонасига жўнатмасдан Фарғона вилояти руҳий касалликлар шифохонасида олиб қолишга ишонтирган. Уни алдаб, бўлиб-бўлиб 550 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Шу билан бирга суҳбатлашиш жараёнида С.Собитхоновнинг опасини вақтинча ишсиз эканлигини билиб, танишлари орқали 500 АҚШ доллари эвазига Қувасой шаҳар “Кварц” акциядорлик жамиятига ишга киритиб қўйишини ваъда қилади. 2020 йил декабрь ойининг ўрталарида Фарғона шаҳри марказидаги автошоҳбекатда 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган.

Кўза кунда эмас кунида синади, деганларидек Муҳиддиннинг бу қилмишлари узоққа чўзилмади. Жабрланувчилар ишлари битмаганидан сўнг ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилишди. Судланувчи томонидан етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, М.Маҳмудовга тегишли жазо тайинланди.

Манба: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!