Фарғонада ичиб олиб, тўполон кўтарган аёлларга ҳукм ўқилди

Фарғонада ичиб олиб, тўполон кўтарган аёлларга ҳукм ўқилди

Аёл деганда энг аввало она ҳаёлимизга келади. Аёл – гўзаллик тимсоли. Жамиятда аёл томонидан қандай бўлмасин ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилганда ўзгача муносабат билдирамиз. Чунки, муштипар дея аталадиган аёлнинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этишини ўзи бу фавқулодда ҳолатдир. Бироқ, аёллар томонидан биз кутмаган ҳуқуқбузарликлар ҳам содир этилиб турилади. Масаланинг жиддий томони ҳуқуқбузарликни аёл киши томонидан маст ҳолда содир этилишидир.

2020 йил 23 январь куни, Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан Тошлоқ тумани, Садда маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1999 йилда туғилган, турмушга чиқмаган ва ҳеч қаерда муқим ишга эга бўлмаган Мамажонова Мухлисахон ҳамда унинг дугонаси Тўхтабоева Зарнигорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан тўпланган маъмурий иш материаллари кўриб чиқилди.

Иш ҳолатига кўра, М.Мамажонова ва З.Тўхтабоева 2020 йил 7 январь куни соат 21-00ларда спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, маст бўлишгани ҳолда, Тошлоқ тумани, Сувбоши маҳалла фуқаролар йиғини, А.Навоий кўчасида яшовчи Ш.Сатторованинг яшаш хонадонига келишиб, кўчада туришгани ҳолда ҳеч бир сабабсиз уни уятли сўзлар билан сўкишиб, бақир-чақир қилишиб, яшаш ҳовлисига кириш дарвозасини тош билан уришиб, фуқароларни тинчлиги ва осойишталигини бузишиб, майда безорилик қилганлар.

Шу ўринда, М.Мамажоновани шахсига тўхталиб ўтсак. 21 ёшга кирган бўлишига қарамай турмушга чиқмаган ва ўрта-махсус маълумоти бўлса-да тайинли машғулот билан шуғулланмайди. Бир йил муқаддам маъмурий суднинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) ва 52-моддасининг 2-қисмига (қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш) асосан жазога тортилган. Аммо, суд томонидан жазо тайинлангандан сўнг ҳам ўзига хулоса чиқармасдан, маст ҳолда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган.    

Суд, М.Мамажоновани Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, енгиллаштирувчи ҳолатлар тариқасида, унинг шахсини, аёллигини ва ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини, оғирлаштирувчи ҳолатлар тариқасида ҳуқуқбузарликни маст ҳолда содир этганини инобатга олиб, шунингдек, муқаддам маъмурий жазога тортилганидан сўнг ўзига хулоса чиқармасдан қайта ҳуқуқбузарлик ҳаракати содир этганини, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этишдаги ўрнини, жабрланувчининг қонуний чора кўриш ҳақидаги талабини, келгусида бу каби ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 29-моддасида кўрсатилган маъмурий қамоққа олиш жазосини тайинлашга монелик қиладиган ҳолатлар йўқлигини назарда тутиб, унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

З.Тўхтабоевага эса ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этишдаги ўрни пассивлигини инобатга олиб 669 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

“Бизнинг жамиятда аёлларни ўрни ўзгача, уларни нозик ҳилқа деб, бошқача муносабатда бўламиз. Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида аёллар томонидан турли хилдаги ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларнинг содир этилаётгани ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилиниб келинмоқда. Судларни вазифаси фақат жазо тайинлаш ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларга тайинланаётган жазоларни ошкор қилиш орқали айрим шахсларни изза қилиш эмас албатта. Мақсад, ҳуқуқбузарликларни келгусида содир этилишини олдини олиш ва профилактика қилишдан иборатдир” – дейди Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси Аброрхон Акрамов.

А.Акрамов, Тошлоқ туман судининг раиси                                          


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!