Фарғонада эр-хотин ис газидан вафот этди

Фарғонада эр-хотин ис газидан вафот этди

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, ўша куни 08:30 ларда тумани прокуратурасига «Ўрта Қўнғирот» МФЙ, Қўрувчилар кўчасида истиқомат қилган фуқаро А.А. ва унинг турмуш ўртоғи У.Н. ис газидан заҳарланиб, вафот этганликлари ҳақида хабар келиб тушган.

Ёнғинга қарши кураш жамияти туман ҳудудий бўлими техник хавфсизлиги муҳандисининг хулосасига кўра, мазкур иситиш мосламаси ёқилган ҳолда бўлган, унинг дуд бурони ностандарт ҳолатда ташқарига чиқарилганлиги натижасида газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз ҳолатда хона ичкарисига тарқалишига сабабчи бўлган.

«Kun.uz» нашрининг ёзишича, вафот этганлар 3 кунлик ёш келин-куёв бўлган. Хусусан, 1999 йилда туғилган куёв А.А. ҳамда 2005 йилда туғилган келин Н.У. бир-бирига қариндош бўлган. Куёв А.А. печка ясаб сотадиган уста бўлгани учун 21 ноябр куни ўзи ясаган печкалардан бирини уйга ўрнатган. Эрталаб ўғли чиқавермаганидан шубҳаланган ота уйга кириб мудҳиш ҳодиса гувоҳи бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаролар А.А. ва У.Н.нинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!