Фарғонада аёл эрини даҳшатли тарзда ўлдирди. Нега?

Фарғонада аёл эрини даҳшатли тарзда ўлдирди. Нега?

Халқимизда азалдан оила ватан ичра мўъжаз ватан, муқаддас даргоҳ сифатида эъзозланади. Шу боис бир оила бўлиб, узоқ йиллар бахтли турмуш кечирган ва оқил фарзандлар тарбиялаган пиру бадавлат инсонларга кўпчиликнинг ҳаваси келади.

Аммо орамизда оилага нисбатан беписанд муносабатда бўлувчилар ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда оилавий ажримлар ва можароларнинг ортгани ҳамда асрлар мобайнида сайқал топиб, қадрланиб келинадиган шарқона оилавий анъаналарнинг ўзгариб кетаётгани кўпчиликни ўйлантириб қўймоқда.

Муқаддас китобларимизда ҳам оила бузилса, арши аъло ларзага келади, дейилади. Шу маънода, оилаларнинг дарз кетиши, баъзан оилавий можароларнинг қасд ёки суиқасд ҳолатлари билан якун топаётгани қалбимизни ларзага келтиради.

Фарғона вилоятининг Қува туманида содир этилган жиноят ҳам шундай бўлди – ўз турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдирган аёл қилмиши бу ҳақда эшитган ҳар қандай инсонни чуқур қайғуга солди.

Судланувчи Минавар Шарипова 2009 йилдан жабрланувчи Д.Саманов билан шаръий никоҳдан ўтиб, Қува туманига қарашли Ўрабоши маҳалласида яшаган. Оилада икки фарзанд туғилган бўлса ҳам, афсуски, эр-хотин ўртасидаги муносабатларга дарз кетган эди. Марҳум Д.Саманов муқаддам бир неча маротаба судланиб, узоқ йиллар озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлангани сабабли табиати оғир бўлиб, улар бир-бирлари билан жуда кўп жанжаллашарди.

Ўзаро келишмовчиликлар, оиладаги носоғлом муҳит сабабли Минавар ота уйига кетиб қоларди. 2018 йилнинг май ойида маҳалла фаолларининг аралашуви билан эр-хотин яраштириб қўйилди, аммо барибир уйда ҳар куни жанжал кўтарилаверди. Июнь ойининг бошларида эри унга тан жароҳати етказганда, профилактика инспектори томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий ишлар бўйича Қува туман судининг сайёр мажлисида кўриб чиқилди. М.Шарипова Д.Саманов билан ярашиб олганлигини билдиргани сабаб суд томонидан турмуш ўртоғи огоҳлантирилди. Шундан сўнг ҳам Д.Саманов хотинига тазйиқ ўтқазиб, уятли сўзлар билан ҳақоратлаш ва тан жароҳати етказишда давом этаверди. Ниҳоят, хўрлик ва калтаклардан зада бўлган аёлнинг сабр косаси тўлди.

2018 йилнинг 20 июль куни соат 14:00 ларда Д.Саманов турмуш ўртоғи билан яна жанжаллашиб, уятли сўзлар билан сўкди ва уйга бошқа аёлни олиб келишини такрор ва такрор таъкидлади. Бу билан ҳам хумори босилмай агар хоҳласа бу уйда чўри сифатида яшаши мумкинлигини айтиб, кутилмаганда аёлига ташланиб, ошхона пичоғи билан иккала сон соҳаларига тан жароҳати етказди. Шундан сўнг пичоқ ва жароҳатларини ювиб келишини буюрганида, ташқарига чиқиб эрининг бундай ҳаракатидан ғазабланган аёл ошхона пичоғи билан қуролланган ҳолда хонага қайтиб киради. Ухламоқчи бўлиб ётган Д.Самановнинг орқасидан келиб, дастлаб бўйин соҳасига пичоқ уради. Кейин қаттиқ зарб билан танасининг турли жойларига кўплаб санчиб кесилган жароҳатлар етказиб, эрини қасддан ўлдиради...

Яқинда мазкур аянчли жиноят сабабчиси бўлган аёлнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан одил суд ҳукми чиқарилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида судья Д.Холиқназарова раислигида ушбу жиноят иши атрофлича ўрганилиб, жазо тайинлашда судланувчини беш нафар фарзанди борлиги, қарамоғидаги уч нафари вояга етмаганлиги, жиноятни марҳум Д.Самановнинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли содир этгани каби ҳолатлар инобатга олинди. Судланувчи М.Шариповага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 97-моддасининг 1-қисмига асосан ҳамда ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Албатта, бу ҳолатда аёл кишининг жиноятга қўл уриши кўплаб омилларга боғлиқ. Яна ҳам аниқроқ айтганда, оиладаги носоғлом муҳит боис аёл ўз эрининг қотилига айланди. Чунки узоқ давом этган жанжаллар М. Шарипованинг тинкасини қуритгани рост. Бу оилавий келишмовчилик ва можаролар эса афсуски, фожиа билан якун топди.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!