Фарғона вилоятининг "плагиатор" имоми ишдан бўшади

Фарғона вилоятининг "плагиатор" имоми ишдан бўшади

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салим Қодиров ўз ихтиёри билан ишдан кетган. 5 июлда унинг ўрнига Марғилон шаҳар бош имом-хатиби, “Хонақоҳ” жоме масжиди имоми Убайдуллоҳ Абдуллаев тайинланган.

Аввалроқ "Исломда аёл ҳуқуқлари" муаллифи Нигорахон Юсупова Салим Қодировни плагиатда айблаган. Нигора Юсупованинг айтишича, Салим Қодиров номидан чоп этилган "Аёлни эъзозлаган дин" китоби аслида Юсупованинг 2006 йилдаги "Исломда аёл ҳуқуқлари" монографиясидан 70-80 фоиз кўчирилган.

  • Нигорахон Юсупова имом номидан чиқарилган китоб савдодан олиниши ва интернетда Салимжон қорининг муаллифлигини тасдиқловчи маълумотлар ўзгартирилишини талаб қилган.
  • Фарғона вилояти собиқ бош имом-хатиби бу даъволарни тан олмаган.
  • У ишлайдиган Мусулмонлар идораси ҳам китоб кўчирилмаган деган хулоса берган.
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур имзоси билан ёзилган хатда муаллиф Салимжон Қодиров адабиётлар рўйхатида Нигора Юсупованинг исм-фамилиясини кўрсатгани қайд этилган.
  • Прокуратура сўрови билан китобларни солиштириб чиққан суд адабиётшунослик экспертизаси унинг кўчирилганини таъкидлаган. 5 кишидан иборат экспертлар икки китобни солиштириб чиққан ва бетма-бет, бобма-боб айнан кўчирилгани ҳақида хулоса берган. 
     
  • Би-би-си Абдулазиз Мансурдан кўчирмакашликда айбланаётган имомнинг Фарғона вилоятига бошчилик қилиши мусулмонлар идораси обрўсига қанчалик тўғри келиши ҳақида сўраган.

"Мен буни жуда катта жиноят деб билмайман. Салим қори вилоятда шунақанги ислоҳот ишларини олиб бораяптики, шунақа ғайратли, чарчамайдиган йигит у. Битта ёзган китобини битта жойдан кўчирди, битта жойдан эмас, ҳар жойдан кўчириб олади-ку китоб ёзганда. Ҳаммасини ўзининг ичидан чиқармайди", – деб жавоб берган муфтийнинг ўринбосари Абдулазиз Мансур.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!