Фарғона ички ишлар тизимида "тозалаш" амалга оширилди

Фарғона ички ишлар тизимида "тозалаш" амалга оширилди

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Вилоят ИИБ мажлислар залида ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ таркибидаги бошқармалар ва соҳавий хизмат раҳбарлари, шахсий таркиби, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари, уларнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган бўлса, ҳудудий ички ишлар бўлимларида ҳам масъул ходимлар жараённи видеоалоқа тарзида бевосита кузатиб бордилар. Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Р. Маматов бошқариб борди.

Ички ишлар вазирининг кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, полковник Р.Ҳатамов кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида атрофлича сўз юритди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди. Масалан, фаолиятида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар ходимни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш, 2 нафар ходимни хатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвонини бир поғонага пасайтириш бўйича таклиф киритилди. Хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 10 нафар ходимларнинг фаолиятини интизомий кенгашларда муҳокама қилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. 2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 6 нафар ходимга қаттиқ хайфсан берилди. 68 нафар ходим эса огоҳлантирилди.

Шунингдек, тадбир жараёнида ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, жиноятчиликнинг олдини олган 2 нафар ходимга пул мукофоти, уларнинг ота-онасига эса ташаккурномалар тақдим қилинди. 10 нафар ходимга эса оилавий шароитини яхшилаш учун моддий кўмак кўрсатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!