Фаластин маҳсулотлари Европада сотув рекордларини янгиламоқда
Европалик истеъмолчилар Исроил маҳсулотларидан воз кечиб, улар ўрнини фаластинча альтернативалар билан тўлдирмоқда — хусусан, Фаластин зәйтун ёғи сотуви 50% га ошди.
Guardian нашри ёзишича, Ғазодаги уруш фонида Европада фаластин маҳсулотларига талаб кескин ортиб бормоқда. Харидлар норозилик ва ҳамдардлик ифодасига айланмоқда.
Италиядаги Coop Alleanza 3.0 супермаркет тармоғи Исроил маҳсулотларини, жумладан тахини, арахис ва SodaStream маҳсулотларини сотишни тўхтатганини эълон қилди.
«Биз Ғазода давом этаётган зўравонликка бефарқ бўлиб тура олмаймиз», — деди компания. Энди дўкон рафларида Gaza Cola каби фаластин маҳсулотлари пайдо бўлди. Бу маҳсулотлардан тушган даромадлар Ғазодаги шифохоналарни тиклашга йўналтирилмоқда.
Бу қарор Британиядаги Co-op тармоғи амалиётига ўхшайди — у аввалроқ инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган давлатлар маҳсулотларини сотишдан воз кечган эди.
Буюк Британияда фаластинликлар томонидан ишлаб чиқариладиган зәйтун ёғи ва хурмоларни етказиб берувчи Zaytoun бренди 2024 йилда ўз сотувини 50% га оширди — 3,2 миллион фунт стерлинг (тақрибан 4,3 миллион доллар)га етказди.
“Харидорлар бундай маҳсулотни қўлларида ушлаб, «мен танлов қилдим» дейишлари мумкин — ҳар қанча кичик бўлмасин,” — деди Zaytoun директори Манал Рамадан Уайт.
Zaytoun бренди 2004 йилда волонтёрлик ташаббуси сифатида ташкил этилган. Аммо бугунги кунда улкан қийинчиликлар билан юзма-юз келмоқда: маҳсулотлар Исроилнинг Хайфа порти орқали юборилади, юклар текширув постларидан ўтказилади, махсус итлар билан кўрик қилинади.
Fairtrade сертификатлаш жараёни ҳам хавфсизлик сабабли вақтинча тўхтатилган.
Шу билан бирга, Ғазодаги гуманитар инқирозга нисбатан изҳор этилаётган ҳиссиётлар маҳсулотларга бўлган талабни янада кучайтирмоқда.
Guardian таъкидлашича, зәйтун дарахти фаластин халқининг чидамлилик рамзи сифатида қабул қилинади — бу дарахт бутун минтақада ўсади ва деярли ҳар бир оилада бор.
“Зәйтун дарахтининг чидамлилиги — бу оғир кунлардаги матонатимиз тимсоли,” — деди Манал Рамадан Уайт.
