Евроиттифоқ киберҳужумлар сабаб Россияга қарши янги санкцияларни жорий этди

Евроиттифоқ киберҳужумлар сабаб Россияга қарши янги санкцияларни жорий этди

Европа Иттифоқи Россия билан боғлиқ деб ҳисобланаётган киберҳужумлар учун 9 нафар шахс ва 4 ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгаши маълум қилди.

Брюсселнинг таъкидлашича, санкцияга тушганлар орасида Россия ҳарбий разведкаси ходимлари, кибержиноятчилар, россияпараст ҳакерлар ҳамда хусусий компаниялар бор. Улар Европа Иттифоқи давлатлари ва унинг халқаро ҳамкорларини беқарорлаштиришга қаратилган кибероперацияларда иштирок этганликда айбланмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ)нинг 16-марказини ҳам қатор киберҳужумлар учун масъул деб ҳисоблади. Европа томонига кўра, ушбу бўлинма Turla каби бир нечта ҳакерлик гуруҳларини бошқаради. Бу гуруҳлар Европа давлатлари ва Украинадаги давлат тармоқлари ҳамда муҳим инфратузилмаларга қилинган киберҳужумлар билан боғланмоқда.

Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, кибероперациялардан Франция, Германия, Польша, Кипр, Нидерландия, Австрия, Словакия, Руминия ва Финляндия жабр кўрган.

Брюссел Россия киберҳужумларни амалга оширишда давлат идоралари, хусусий компаниялар, кибержиноятчи гуруҳлар ва ҳактивистлардан иборат тармоқдан фойдаланаётганини иддао қилди.