Евроиттифоқ: Грузия тарихий имкониятдан фойдаланмади
Европа Иттифоқи парламенти Грузия ҳукуматининг ЕИга аъзолик бўйича музокараларни бошлашга қаратилган ҳаракатларни тўхтатганидан таассуфда. Бу ҳақда ЕИ парламенти хорижий ишлар қўмитаси раиси Дэвид Макалистер, ЕИ–Грузия парламент ассоциацияси қўмитаси раиси Нил Ушаков ва Европа парламентининг Грузия бўйича махсус маърузачиси Раса Юкнявичене томонидан 29 ноябрь куни берилган баёнотда сўз боради.
Қайд этилишича, Грузия 2022 йил март ойида ЕИга аъзолик юзасидан ариза топшириш бўйича суверен қарор қабул қилди. 2023 йил декабрда мамлакатга ЕИга аъзоликка номзод мақоми берилди.
«Ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, мамлакатнинг ЕИга аъзо бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтириш ўрнига Грузияда доимий демократик турғунлик кузатилмоқда», – дейилади баёнотда.
ЕИ депутатларига кўра, Грузияда жорий йил 26 октябрь кунги парламент сайлови халқаро демократик тамойилларига мувофиқ ўтмаган.
Брюссель наздида, фириб билан боғлиқ ҳолатлар «янги ҳукуматнинг легитимлиги ва сайлов жараёни яхлитлигини савол остида қолдирмоқда».
Европарламент вакиллари Тбилиси ҳукуматини ЕИга қўшилишни талаб қилиб оммавий намойишларга чиққан грузияликлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган.
«Тинч намойишчиларга қарши куч ишлатилишини қоралаймиз ва ҳукуматни тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатишни тўхтатишга чақирамиз», – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ЕИ Грузия халқининг демократик мамлакатда яшаш, Европа уйига қўшилиш йўлидаги хоҳиш-истагини қатъий қўллаб-қувватлайди.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе 2028 йил охирига қадар ЕИга аъзолик бўйича музокаралар бошланмаслигини маълум қилди. Тбилиси ҳукумати келгуси тўрт йил давомида ЕИ томонидан ажратиладиган грант ва кредитлардан ҳам воз кечган.
«Биз Евроиттифоқ томон ҳаракатда давом этамиз, аммо бизни шантаж ва манипуляция ҳолатида тутишларига асло йўл қўймаймиз», – деган Грузия бош вазири.
28 ноябрь куни Европарламент Грузияда ўтган сўнгги парламент сайлови тан олинмаслиги ҳақида резолюция қабул қилди. Ушбу сайлов якунида россияпарастликда айбланаётган иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси парламентдаги 150 ўриндан 88 тасини қўлга киритганди. Сайловда грузин халқи иродаси акс этмаганини урғулаган Брюссель янгидан сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.
Бош вазир Ираклий Кобахидзе ЕИга аъзолик бўйича ҳаракатлар «музлатилиши» ҳақида баёнот бергани ортидан пойтахт Тбилиси ва бошқа шаҳарларда оммавий норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Тбилисидаги парламент биноси яқинида ҳам ўн минглаб издиҳом йиғилгани айтилмоқда.
Жаҳон ахборот агентликлари намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй бергани, жабрланганлар орасида журналистлар ҳам борлиги ҳақида хабар берган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили эса намойишчиларни қўллаб-қувватламоқда.
Ижтимоий сўровларга қараганда, мамлакат аҳолисининг 70-80 фоизи ЕИга аъзолик тарафдори.
Аслида, Брюссель ва Тбилиси ўртасидаги муносабатларнинг таранглашуви сал аввалроқ, Грузия парламенти хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилгач юзага келганди. Танқидчилар Грузия ҳукуматини Россиядан улги олишда айблаган.
Ушбу баҳсли қонун лойиҳаси намойиш ва жанжалларга сабаб бўлган.
Сентябрь ойида ЕИнинг Тбилисидаги ваколатхонаси раҳбари Павел Герчинский Грузия билан визасиз режим тўхтатилиши мумкинлигини айтган.