“ЕВРО-2020” ўйинлари Ўзбекистонда ҳам трансляция қилинади

“ЕВРО-2020” ўйинлари Ўзбекистонда ҳам трансляция қилинади

Uzreport ахборот агентлиги ЕВРО-2020 мусобақасини Ўзбекистон ҳудудида эксклюзив трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бу ҳақда агентлик сайти хабар бермоқда.

Шу йилнинг 12 июнь - 12 июль кунлари футбол бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақанинг 60 йиллик тарихида илк маротаба чемпионат битта мамлакат ҳудудида эмас, балки бутун Европа бўйлаб 12та шаҳардаги 12та стадионда ўтказилади. Унда 24та терма жамоа бош соврин учун баҳс олиб боришади. Ўйинлар Озарбайжон Англия, Венгрия, Германия, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Нидерландия, Россия, Руминия ва Шотландия стадионларда ўтказилади.

Uzreport TV ва Futbol TV телеканали мухлислари ЕВРО-2020 мусобақасидан ўрин олган барча 51та учрашувни жонли эфирда томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Ўйинлар Тошкент вақти билан соат 18:00, 21:00 ва 00:00да бошланади.

ЕВРО-2020 ўйинларини ўзбекистонлик шарҳловчилар билан бир қаторда таниқли россиялик шарҳловчилар – Денис Казанский, Александр Елагин ва Дмитрий Мостовой шарҳлаб боришади.

Ўйинлардан ташқари телеканалларда ЕВРО-2020 кундалиги ҳам эфирга узатилади. Бу дастур орқали мухлислар энг қизиқарли ва ҳаяжонли вазиятларни қайта томоша қилишлари, терма жамоаларнинг футболчилари ва мураббийлари ҳақидаги қизиқарли маълумотлар, шунингдек, рекордлар ва бошқа муҳим фактлар билан танишиб боришлари мумкин бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!