Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш, ҳаётга мослашишига ҳуқуқий шароит яратиш бўйича алоҳида қонун қабул қилинмаган. Шу боис айрим ҳолатларда етим, ота-она қарамоғидан мосуво болаларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ҳаттоки, уй-жойга эга бўлишга доир ҳуқуқларини таъминлаш масаласи долзарб ҳисобланади. 

Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган вояга етмаганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш ва таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган халқ таълими вазирининг ахбороти юзасидан ўтказилган қўмита эшитувида ушбу масала муҳокама марказида бўлди. 

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналиши болалар ва ёшларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ривожланиши учун қулай, энг яхши шароитларни яратишдан иборатдир. Шунингдек, кўп болали оилаларни, етим, оила муҳитидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимизнинг 1992 йил 9 декабрда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилгани, ўз навбатида, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига асосий туртки берди. Ўтган давр мобайнида соҳага доир муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга оид бошқа бир қатор қонунлар қабул қилиниши, қолаверса, бола ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айлангани диққатга моликдир. 

Бола ҳуқуқларини таъминлашда кейинги йилларда Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари ҳам қабул қилиниб, соҳалар кесимида ижрога қиритилди. Жумладан, таълим тизимида 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги, касб-ҳунар таълимининг 11 йиллик база негизида қабул қилиниши, интеллектуал болаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасалари, касб-ҳунар таълимининг ихтиёрийлиги, олий таълимда квоталанган ўринларнинг жорий этилиши, энг муҳими, мактабгача таълим-тарбиянинг алоҳида йўналишда белгиланиши учун самарали механизм яратиб берилди. 

Бироқ фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда ёшлар ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор муаммолар кузатилаётгани қайд этилди. 

Эшитувда депутатлар ана шундай муаммоларни ўртага ташлади. Хусусан, депутатлар ўрганишларда Тошкент шаҳрида 2017-2018 йиллар давомида уй-жойга муҳтож бўлган етим болаларнинг 118 аризаси рўйхатга олингани, шундан 50 нафари бугунги кунга қадар ҳал этилмаганига эътибор қаратдилар. Тошкент вилоятида ўтган йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож 17 болага уй-жой ажратишда муаммо юзага келган, қолган вилоятларда ҳам 10 дан зиёд аризалар келиб тушган. 

Турар жойга муҳтожлар республиканинг барча ҳудудларида ҳисобга олинган бўлишига қарамасдан, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 2017 йилда бирорта ҳам шахс турар жой билан таъминланмагани таажжубли. Турар жойга муҳтожларнинг энг катта кўрсаткичи Тошкент шаҳри ҳиссасига (235 нафар) тўғри келса, кейинги ўринларда Тошкент (81 нафар), Навоий (73) вилоятлари қайд этилган. 

Шунингдек, депутатлар томонидан жойлардаги ўрганишларда Меҳрибонлик уйлари фаолияти аксарият ҳолларда ташқаридан келаётган текширувчилар учун тайёрланаётгани, айрим муассасаларда педагогик фаолиятнинг тўғри йўлга қўйилмагани, болаларнинг назоратсиз қолиши кузатилган. 

Якунда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!