Эслатма! Бу йил абитуриентлар ҳужжат топширмайди

Эслатма! Бу йил абитуриентлар ҳужжат топширмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майда “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарор асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда кўпгина янгилик ва ўзгаришлар киритилди.

"Зарафшон" нашрига кўра, эндиликда абитуриентлар олий таълимга кириш учун ҳужжат топширмайди, фақатгина шахсини тасдиқловчи паспорт (гувоҳнома) ва умумтаълим ёки ўрта махсус муассасасини битирганлик тўғрисидаги маълумот асосида олий таълим, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтган йигит-қизларга ДТМ ўз сайтида “Шахсий кабинет” очилади. Абитуриентларнинг ўзлари паспорт серия ва рақамлари орқали “Шахсий кабинет”ларига кириб, тест синовларида иштирок этишга рухсат берувчи ДТМ электрон варақасини чиқариб олишади.

Абитуриентларга қабул ва тест синовларидаги ўзгаришларни етказиш мақсадида вилоятимизнинг барча туманларида тадбирлар ҳамда қабул комиссияларининг масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинглар ўтказилди.

Эндиликда абитуриентлар нафақат ўқиш истагида бўлган олийгоҳи, балки бошқа олий таълим муассасаси орқали ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Паспорт ёшига етган абитуриентлар рўйхатдан ўтиш пайтида суратга тушиши талаб қилинмайди. Улар тест синовларида қатнашиш пайтида бармоқ изини сканер қилувчи қурилмага бармоқ теккизади ва шахси тасдиқлангач жараёнда қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 15 июнидан бошланади ва кириш тест синовлари июль-август ойларида бўлиб ўтади.      

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!