Эшитдингизми?!. Бу йил сайловлар бошқача бўлармиш...

Эшитдингизми?!. Бу йил сайловлар бошқача бўлармиш...

Ҳозирча асосий аҳоли билмаса-да, сиёсатга аралашиб юрган одамлар Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар шу йилнинг декабрь ойида ўтказилишидан хабардор. Узунқулоқ гапларга қараганда, бу галги сайловлар олдинги сайловлардан кўра бошқача ўтармиш...

Хўш, бошқача сайлов қанақа бўлади!? Сайлов ҳар доимги сайлов-да!!!

Нима олдингилари демократик тамойиллар асосида, ҳаққоний ўтмаганми? Фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирмаганми?

Албатта, шундай бўлган. Шунга қарамай, юртимизда охирги, яъни 2014 йилда Парламентга ўтказилган сайлов якунлари бўйича ЕХҲТ демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари Бюроси миссиясининг баёнотида ёзилишича, Ўзбекистонда “оилавий овоз бериш” амалиёти сақланиб қолган, сайлов кампанияси жараёнларини ёритишда ОАВлари тўла қонли фаол бўлмаган, сиёсий партиялар ўртасида самарали рақобат йўқ, хорижда яшовчи сайловчилар иштирокидаги ноаниқликликлар мавжуд, сайлов жараёнларини кузатишда маҳаллий ННТларнинг иштироки ҳуқуқий жиҳатдан регламентга солинмаган ва шу каби қатор камчиликлар кузатилган.
Аслини олганда, бу кузатувчиларнинг кўриб, билиб қолгани.

Очиқ тан олайлик, ўзимиз билиб, кўрмаганга олганимиз, уларга билдирмаганимиз қанча...

Келинг, ўша “оилавий овоз” беришга тўҳталсак. Қонунчиликда сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади, деб ёзиб қўйилган. Нима битта оиладан бир киши 3-4 та паспортни обкелиб, бир ўзи ака-укаси ёки ота-она номидан овоз бериб кетганини билмаймизми? Ё, буни сайлов участкаларидаги масъуллар сезмай қолганми?

Сайловларда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Лекин, сайлов олди тарғиботларида “катта”лар, маҳалла масъуллари каби “обрўли” одамлар “биз маҳалламиз билан фалончи номзодга овоз беришимиз керак” “юқори”дагилар билан тугунчининг номзоди ўтиши келишилган”, деганини, камига сайлов куни улар буни “назорат” қилиб турганидан бехабармизми?

Партиялар томонидан депутатликка номзодларни рўйҳатга олиш масаласига ҳам ойдинлик киритсак.

Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.

Амалда-чи?

Депутатликка номзодлар, одатда, жойларда ижро ҳокимияти билан “мувофиқлаштирилиши”, аксарият ҳолларда номзодлар шаҳар, туман ҳокимларнинг “рози”лиги олинганидан кейин рўйҳатга киритилишини балки оддий сайловчи билмас?

Айрим ҳудудларда сайлов комиссияси рўйҳатга олган, тарғибот ишларини фаол олиб борган, бироқ овоз бериш куни эса номзодини қайтариб олмаган бўлса-да, номзодлар рўйҳатидан фамилияси “тушиб” қолиш ҳолатлари ҳам кузатилмадими?

Ҳудудда ҳеч ким танимайдиган партия “даҳо”лари ва айрим мансабдор шахслар сайлов кампаниясида номзодлар рўйхатидан пайдо бўлиб, сайлов куни етарли овоз ололмаганини, ҳокимлар ва тегишли идоралар вакилларининг чин маънода ҳаққоний ютиб чиққан номзодлар билан “суҳбат” ўтказганини, уларнинг ўрнига “даҳо” ва “обрўли”ларнинг депутатлик креслосини эгаллаганини ҳам ҳамма ҳам билмайди, деб ўйламаяпмизми?

Узун-қулоқ гапларда баъзи сайлов участкасидаги масъулларнинг “номзодингни сайловда мен ўтказиб бераман” деб “ишлаган”ини эшитмадикми?

Сайлов куни участкаларда овоз бериш жараёни эртароқ тугатилиши ижро ҳокимияти ва тегишли идоралар томонидан назоратга олинмадими? Бунинг учун уларга олдиндан “участкангда тушликкача сайловчиларнинг 70 фоизи овоз бериб бўлиши керак”, деган топшириқ берилмаганми?

Овоз бериш тугаб, ундан кейинги уларни санаш “жараён”и ҳам алоҳида мавзу.

Парламентда сиёсий балансни таъминлаш учун округлар бўйича депутатликка номзодлар “юқори”дагилар томонидан партиянинг ҳудуддаги “обрў”си бўйича тор доираларда “муҳокама” қилинганлигини эса ҳамма билмас...

Гапираман десак, гап кўп.

Лекин, бугунги кунда мамлакатимизда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий вазият анча ўзгарди. Ҳукумат эшиклари ҳалқ учун чин маънода очилаяпти. Одамларда эртанги кунга ишонч ҳисси уйғонаяпти. Тилларда янги ислоҳотлар даври, деган ибора оммалашиб қолди.

Балки, шунинг учун бу галги сайловларнинг бошқача бўлиши ҳақида гапирилаётгандир...

Хоҳишимиз, бу йилги сайловлар бошқача ўтсин. Курашлар очиқ, ошкора бўлсин, фуқаролар ўз хоҳиш-истакларини эркин билдириб, ҳар бир сайловчи ўзи танлаган битта номзодга овоз берсин. Бир сўз билан сайловлар қонунчилик талаблари асосида ўтсин.

Шундай бўлиши эса ҳар биримизга боғлиқ.

Малоҳат Йўлдошева,
журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!