Эртага Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтади

Эртага Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисини 2022 йил 4 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ялпи мажлисни икки кун давомида видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш режалаштирилган.

Навбатдаги ялпи мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади.

  • “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги,
  • “Давлат қарзи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги,
  • “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар.

Шунингдек, “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни муҳокама қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти муҳокама этилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилади.

Ялпи мажлисда қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижаларини муҳокама қилиш назарда тутилган.

Сенаторлар томонидан Бухоро вилояти ҳокимининг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисоботини ҳам эшитади.

Ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилади.

Сенаторлар енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!