Эронда норозилик намойишларида 40 дан ортиқ одам вафот этди

Эронда норозилик намойишларида  40 дан ортиқ одам вафот этди

Эронда ўн биринчи кундирки, 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг бошланган норозилик намойишлари тинмаяпти.

Норасмий маълумотларга кўра, зўравонлик ҳаракатларига айланиб кетган намойишлар натижасида камида 41 киши, жумладан, хавфсизлик ходимлари ҳалок бўлган.

Мамлакатни 11 кун кетма-кет қамраб олган намойишлар 2009 йилги мунозарали президентлик сайловларидан кейинги воқеалардан кейин ҳукуматга қарши энг йирик аралашувлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Эрон турли сабабларга кўра, асосан, иқтисодий муаммолар туфайли баъзида кенг кўламли намойишларга саҳна бўлиб келган.

2019 йилнинг ноябрь ойида Эронда ҳам ёқилғи нархининг ошиши билан боғлиқ ҳаракатлар содир бўлди. Халқаро Амнистия ноҳукумат ташкилоти маълумотларига кўра, Эроннинг кўплаб шаҳарларида тўхтамаган намойишлар натижасида олти кун ичида камида 304 киши ҳалок бўлган.

Бироқ Эрондаги ҳозирги ҳаракатлар иқтисодий қийинчиликлар билан умуман боғлиқ эмас. Намойишларга асосан аёллар бошчилик қилмоқда.

Эронлик қизнинг ўлими билан боғлиқ воқеа ҳақида биринчи танқидий фикрлар ислоҳотчи сиёсатчилардан кела бошлади. Шу тариқа Эроннинг собиқ президенти Муҳаммад Хотамий фожиали воқеадан афсусда эканини билдирди.

“Қонунга, мантиққа ва шариатга зид бўлган хатти-ҳаракатларга чек қўйиш керак. Ислом ва давлат обрўсига путур етказмаслик, айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак”, — деб ёзган Хотамий ижтимоий тармоқларда Теҳрон расмийларига мурожаат қилиб.

17 сентябрь куни, Аминининг она шаҳри Саккезда дафн этилганидан сўнг, норозилик тўлқини Эронни қамраб олди. Дафн маросимидан кейин йиғилганлар ҳокимиятни қораловчи шиорлар айтишди.

Шу куни намойишлар қатор шаҳарларни, асосан, Сенандаж ва Теҳронни қамраб олди.

Бугунги кунга қадар кенг кўламли норозилик намойишлари Теҳрон, Сенендаж, Кераж, Табриз, Машҳад, Ғилон, Кирмон, Язд, Рашт, Бандар Аббос, Ободон, Кирмоншоҳ, Ардабил, Исфахон, Урмия, Қазвин, Занжон, Илом, Симнан, Ушнавия, Мозандарон, Ҳамадан шаҳарларига ёйилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!