Эрон парламенти ядровий фаолиятни қонунийлаштирди

Эрон парламенти ядровий фаолиятни қонунийлаштирди

Эрон парламенти ядровий фаолиятни қайта тиклаш бўйича лойиҳанинг умумий қоидаларини маъқуллади. "Санкцияларни бекор қилиш бўйича стратегик чора" деб номланган ҳужжат Эрон Мудофаа вазирлиги Тадқиқот ва инновациялар ташкилоти раҳбари Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишидан сўнг тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилди. Парламент йиғилишида қонун лойиҳасини 290 депутатдан 251 нафари қўллаб-қувватлади. 

Режада бойитиш даражаси йилига 20% бўлган 120 килограмм уранни ишлаб чиқариш ва тўплаш (ураннинг бундан юқори бойитилгани қурол даражаси ҳисобланади), шунингдек ойига камида 500 килограмм кам бойитилган уран ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ҳозир Эрон уранни ядровий келишув талаб қилган 3,67 фоиз ўрнига 4 фоиздан юқори даражада бойитмоқда.

Бундан ташқари, қонунда Арак шаҳридаги оғир сув реакторини оптималлаштириш ва тиббий мақсадлар учун радиоизотоплар ишлаб чиқариш учун қуввати 40 мегаватт бўлган бошқа объектни қуриш кўзда тутилган.

Ҳукумат қонун лойиҳасига мувофиқ маъқулланганидан кейин икки ой ичида МАГАТЭ билан кафолатлар тўғрисидаги қўшимча протокол доирасидан четлашадиган ядро иншоотларига кириш ҳуқуқини тўхтатиши керак.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини ратификация қилиш учун қонунларни текширадиган парламентдан юқори турувчи махсус орган - Конституция Ҳимоячилари Кенгашининг розилиги талаб қилинади. Шундагина қонун кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Эрон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги тадқиқотлар ва инновацияларни ташкил этишга раҳбарлик қилган ядрошунос олим Муҳсин Фахризода 27 ноябрь куни Теҳрон чеккасидаги суиқасдда вафот этди. Эрон расмийлари Исроил давлатини ушбу қотилликка алоқадорликда айбламоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!